Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 7 февраль куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Аввал хабар берилганидек, ташриф дастурига мувофиқ олий даражадаги музокаралар ўтказилади. Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилади.

Ўзаро товар айирбошлашни ошириш, қишлоқ хўжалиги, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, коммуникациялар ва бошқа тармоқларда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлади. Профессионал таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари ҳам муҳокама қилинади.

Музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Александр Лукашенко 2022 йил 15 сентябрда амалий ташриф билан мамлакатимизга келган эди.

Икром АВВАЛБОЕВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (фото), ЎзА