Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 7-9 февраль кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.

Ташриф дастурига мувофиқ олий даражадаги музокаралар ўтказилиши, уларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Ўзаро товар айирбошлашни ошириш, қишлоқ хўжалиги, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, коммуникациялар ва бошқа тармоқларда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлади.

Профессионал таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари ҳам муҳокама қилинади.

Музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, шу кунларда, ташриф арафасида Тошкент шаҳрида икки мамлакат ҳудудлари ва тадбиркорлари иштирокида қатор ишбилармонлик тадбирлари – Ҳудудлараро форум ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда.