Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 18 январь куни 2024 йилда инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида божхона органларига қўйилган топшириқлар ижросини сифатли таъминлаш мақсадида жойларда божхона ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси вакиллари Мўйноқ туманидаги “Мўйноқ минерал тузи” масъулияти чекланган жамиятда бўлиб, замонавий технологиялар асосида тузни қайта ишлаб чиқаришни кенгайтириш инвестицион лойиҳасининг бажарилиш жараёнларни ўрганди. Умумий қиймати 1,5 миллион АҚШ долларига баҳоланган мазкур лойиҳанинг 70 фоизи Хитой мамлакати томонидан киритиладиган инвестиция маблағлари ҳисобига тўғри келади.
Йилига 600 тонна тузни қайта ишлаш қувватига эга бўлиши кўзда тутилаётган мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши билан янги 100 та маҳаллий аҳоли учун доимий иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 60 фоизи экспортга йўналтирилиши ҳам режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.