Бугун, 2 февраль куни мамлакатимиз спорт ихлосмандлари теннис, футбол ва дзюдо бўйича 3 йирик мусобақа гувоҳига айланадилар.
Улардан энг катта қизиқишга эга бўлгани албатта, пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” мажмуасида теннис бўйича “Девис кубоги”нинг I Жаҳон гуруҳи учун саралаш доирасида Ўзбекистон — Польша ўйинидир.
Ушбу учрашувнинг бугунги дастурида Сергей Фомин — Ҳуберт Ҳуркач (Польша), Ҳумоюн Султонов — Макс Касниковски (Польша) ўзаро рақобатлашади. Мазкур баҳснинг дастлабкиси, 14:00 да бошланади. Дарвоқе, “Ҳумо Арена” мажмуасида ўтадиган ушбу ўйинни кўриш мутлақо бепулдир.
Шунингдек, бугун дзюдо бўйича Париж “Катта дубулға” турнирига ҳам старт берилади. Мазкур мусобақада дунёнинг 111 мамлакатидан 667 нафар спортчи медаллар ва жаҳон ҳамда Олимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритишда ғоят муҳим бўлган очколар учун кураш олиб борадилар.
Унда Ўзбекистон терма жамоаси қуйидаги таркибда иштирок этади:
Эркаклар:
-60 кг: Достон Рўзиев
-66 кг: Муҳриддин Тиловов
-73 кг: Муроджон Йўлдошев
-73 кг: Шаҳрам Аҳадов
-81 кг: Мусо Собиров, Шарофиддин Болтабоев
-90 кг: Давлат Бобонов
-100 кг: Музаффарбек Тўрабоев
+100 кг: Алишер Юсупов
Аёллар:
-48 кг: Ҳалима Қурбонова
-52 кг: Сита Қадамбоева
-57 кг: Шукуржон Аминова, Нилуфар Эрмаганбетова
-63 кг: Севинч Исоқова
-70 кг: Шоҳиста Назарова, Гулноза Матниёзова
-78 кг: Ирисхон Қурбонбоева
+78 кг: Рината Илматова
Футбол мухлислари эса Қатар яшил майдонларида ўтаётган Осиё кубогининг дастлабки чорак финал баҳсини кузатишлари мумкин. Аниқроғи, 2 февраль куни Тошкент вақти билан соат 16:30 да Тожикистон – Иордания, 20:30 Австралия – Жанубий Корея учрашувлари ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, 3 февраль куни эса Эрон – Япония, Қатар – Ўзбекистон терма жамоалари майдонга тушиб, ярим финал масаласини ҳал қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА