Пойтахимизда оғир атлетика бўйича бошланаётган Осиё чемпионати олдидан ўтказилган матбуот анжуманида мусобақа тартиби, Париж-2024 Олимпиадсига тақдим этиладиган рейтинг баллари хусусида сўз борди.
Анжуманда иштирок этган Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Осиё оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Ал Харби ва бир қатор давлатларнинг оғир атлетика федерацияси вакиллари журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида мусобақаларда қитъанинг 34 та мамлакатидан 239 нафар спортчиси иштирок этиш учун талабномаларни тақдим этганлиги, улар Тошкентга етиб келганлиги маълум қилинди.
Шунингдек, мусобақанинг аҳамияти, жамоаларнинг тайёргарлиги ҳақида фикрлар айтилиб, қитъа чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган терма жамоамизнинг имкониятлари борасида ҳам тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, қитъа чемпионатида муносиб ўринларни эгаллашни мақсад қилган мамлакатимиз эркаклар терма жамоаси ўқув-машғулот йиғинларини Озарбайжоннинг Боку шаҳрида, қизлар жамоаси эса Чирчиқдаги спорт базасида олиб боришди.
Айтиш лозим, Париж-2024 Олимпия ўйинларига қимматли рейтинг очколарини тақдим этадиган қитъа чемпионати дастурига биноан мусобақанинг илк кунги баҳслари 3 февралдан бошланади. Шу куни миллий терма жамоамиз аъзоси Муниса Одилова 45 килограмм вазннинг “А” гуруҳидаги беллашувларга киришади.
Шунингдек, чемпионат дастурига кўра, 4 февраль куни 49 килграммда Жамила Панфилова ва 61 килограммда Адҳамжон Эргашев, 5 февралда 59 килограммда Людмила Элефтериади ва Нигора Абдуллаева, 67 килограммда Диёрбек Рўзметов, 6 февралда Озода Ҳожиева ва Шаҳноза Жабборова (64), Машҳура Рустамова(71), Муҳаммадқодир Тоштемиров ва Достон Ёқубов(73), 8 февралда Нурсултон Эсбергенов ва Сарварбек Зафаржонов (89), Ригина Адашбоева(81), 9 февралда Нигора Сувонова(87), Турсуной Жабборова(+87), Акбар Жўраев(102), 10 февралда Руслан Нурудинов ва Шарофиддин Амриддинов (109 ҳамда Рустам Жангабоев(+109) нинг супачага кўтарилиши билан қитъа чемпионтига якун ясалади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ўтадиган чемпионат доирасида Осиё оғир атлетика федерациясининг навбатдаги конгресс йиғилиши ташкил этилиб, унда оғир атлетиканинг қитъадаги ривожи борасида муҳим қарорлар қабул қилинади.
Т. Рўзиев, ЎзА