Испаниянинг Ла-Нусия шаҳрида давом этаётган бокс бўйича «Boxam-2024» халқаро турнирининг навбатдаги кунида олти нафар чарм қўлқоп усталаримиз навбатдаги босқичга йўл олди.
Кечаги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоасининг жами саккиз нафар аъзоси рингга кўтарилди. Вазни -63,5 кг бўлган Мужибилло Турсунов таиландлик Пиднуч Кҳунатипни, Руслан Абдуллаев эса ирландиялик Ҳале Жон Паулни мағлубиятга учратган бўлса, -71 кг вазн тоифасида Асадхўжа Мўйдинхўжаев кутилмаганда жароҳат сабаб рингга кўтарилмади ва мексикалик Марко Верде ғолиб дея эътироф этилди. Ушбу вазндаги иккинчи боксчимиз Ҳавасбек Асадуллаев англиялик Акбар Ҳаррисни 5:0 ҳисобида енгди.
Мусобақада -80 кг вазнда иштирок этаётган Жасурбек Йўлдошев ва Тўрабек Ҳабибуллаев каби боксчиларимиз ўртасидаги баҳсда Тўрабекнинг қўли баланд келди. Шунингдек, 92 килограммгача вазн тоифасида иқтидорли боксчимиз Лазизбек Муллажоновнинг рақиби англиялик Виллиамс Левис жанг қилишдан бош тортди ва мағлубиятини тан олди. Ушбу вазнда Шоҳжаҳон Абдуллаев португалиялик Родригуэс Антониони 1-раундда техник нокаутга учратди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА