Қатарда ўтаётган футбол бўйича Осиё кубогида 1/8 финал баҳслари ўз якунига етди ва чорак финал босқичида ўзаро рақобатлашадиган терма жамоалар номи аниқланди.

Нимчорак финалнинг сўнгги кунида Япония терма жамоаси Баҳрайнга қарши ўйинда 3:1 ҳисобида зафар қучди. Эрон эса қийинчилик билан Сурия терма жамоасини енгди. Аниқроғи, ушбу ўйиннинг асосий вақтида 1:1 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса Эрон 5:3 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шу тариқа, Осиё кубогининг нимчорак финал учрашувлари ўз якунига етди.

Маълумот учун, чорак финал баҳслари 2-3 февраль кунлари бўлиб ўтади. 2 февраль куни 16:30 да Тожикистон – Иордания, 20:30 Австралия – Жанубий Корея учрашувлари ўтказилса, 3 февраль куни 16:30 да Эрон – Япония, 20:30 да Қатар – Ўзбекистон терма жамоалари майдонга тушиб, ярим финал масаласини ҳал қилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА