7 февраль куни Озарбайжонда навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтади. Аслида, ушбу давлат раҳбарлиги учун сайлов ҳар 7 йилда ўтказилади. Ўз суверенитетини тўлиқ тиклаган Озарбайжонда эса янги сиёсий воқелик, ҳукумат олдида янги мақсад, вазифалар юзага келиши муносабати Президент сайловини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бу галги 7 нафар номзод орасида мухолифат вакиллари ҳам бор. Таҳлилчилар сайловда мамлакатнинг амалдаги раҳбари Илҳом Алиевнинг имкониятини юқори баҳоламоқда. Ҳукмрон партия сайловга “Ғалаба қозонган халқ етакчиси!” шиори билан боради. Ғалаба қозонган номзод янги миллий мафкура билан янги даврни бошлайди. Бу мафкура Озарбайжонни янада ривожлантириш, мудофаа кучлари салоҳиятини ошириш, халқнинг миллий бирлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги хорижий мамлакатлардаги элчихоналарда сайловга тайёргарлик кўрилаётганини билдирди. Айни пайт мамлакат ташқарисида ёки узоқ муддатли хорижий ваколатхоналардаги фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари томонидан республикадан ташқарида яшовчи 18 ёшга тўлган фуқаролардан иборат сайловчилар рўйхати шакллантирилиб, Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган. Эслатиб ўтамиз, Сайлов кодексига кўра, консуллик рўйхатига олинган сайловчилар сони 50 нафардан кўп бўлган дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларида овоз бериш ўтказилади.
МСКга тақдим этилган маълумотга кўра, республикадан ташқарида сайлов ташкил этиш мақсадида дунёнинг 37 давлатида 49 та сайлов участкаси ташкил этилди. Мамлакатларнинг маҳаллий вақти бўйича соат 08.00 дан 19.00 гача сайлов участкалари ташкил этилган дипломатик миссияларда ўтказиладиган навбатдан ташқари президентлик сайлови Озарбайжоннинг Хитойдаги элчихонасидан бошланади ва шу куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида якунланади. Ўзбекистондаги дипломатик миссия ҳам асосий овоз бериш участкаларидан биридир.
Мустақил Озарбайжон тарихида илк бор бутун мамлакат бўйлаб ўтказиладиган бу сайлов мазкур қардош давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети қарор топгани ёрқин ифодасидир.
Фуад Ҳусейнзода, “Diaspornews.az” сайти бош муҳаррири,
Одил Одилзода, “Sabahinfo.az” сайти бош муҳаррири.