Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған таъкидлашича, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятлари учун инсоният томонидан лаънатланади. Туркия унинг жиноий жавобгарликка тортилиши учун барча чорани кўради, деди у.
– Ҳозир Нетаньяху, ҳатто, ўз мамлакатида ҳам қарғишга учраган, қолаверса, бутун инсоният томонидан лаънатланади, – деди Эрдоған ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда. – У қочишга ҳаракат қилади, биз эса охиригача таъқиб қиламиз ва алал-оқибат ғалаба ҳақиқатга ишонганлар томонида бўлади. Биз охиригача Фаластин халқи томонидамиз.
“РИА Новости” ёзишича, мазкур тадбир “NTV” телеканалида намойиш қилиб борилган.
Туркия етакчиси Жанубий Африка Республикаси БМТ Халқаро судига Фаластин анклавида геноцид уюштирилгани бўйича киритган даъвосидан кейин чиқарилган оралиқ қарорни шундай изоҳлади.
Суд Исроилга Ғазо секторида геноцидга йўл қўймаслик ва аҳолига гуманитар ёрдам кириб келишини таъминлаш учун барча чорани кўриш мажбуриятини юклади. Бундан ташқари, қарорда Фаластин халқига нисбатан амалга оширилган ҳаракат бўйича далиллар сақланишини кафолатлаш зарурлиги ҳам таъкидланган.