Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Депутат ва тадбиркорлар” форуми ташкил қилинди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари, тадбиркорлар, талаба ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Форум иштирокчилари мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида барча соҳаларда қилинаётган ишлар ва ёшларни замонавий касб ва чет тилига ўқитиш тизимини яратиш, ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш, тадбиркорларга эркин фаолият юритиш учун қулай шароитлар яратиш борасида сўз юритди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларга шароит билан бирга, кенг имкониятлар, соҳа ривожи учун катта шароитлар яратилмоқда. Бунинг самарасида, тадбиркор бўламан, деган инсонлар сони ортиб бормоқда. Эътиборлиси, улар орасида хотин-қизлар, ёшлар сафи ҳам тобора кенгайиб бормоқда.
Форумда тадбиркор бўлиш учун биринчи навбатда яхши бошқариш қобилияти бўлиш кераклиги, кўпроқ изланиш, тинимсиз меҳнат талаб қилиниши қайд этилди. Фаол иштирок этган талаба ёшларга соҳага оид адабиётлар совға қилинди.
Тадбир якунида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.