“Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимини тақдим қилиш тартиби белгиланди

238

Адлия вазирлиги томонидан Капитал бозори соҳасида “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимини тақдим қилиш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низомда капитал бозори соҳасида “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимини тақдим қилиш тартиби белгиланди.

Мазкур махсус режимни тақдим этиш ва иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан амалга оширилади. Унда тан олинган хорижий юрисдикцияда рўйхатдан ўтган чет эл юридик шахси иштирок этиши мумкин.

Мазкур ҳужжат билан махсус режим доирасида тан олинган хорижий юрисдикциялар рўйхати тасдиқланган ҳамда мазкур рўйхатда 38 та давлат мавжуд.

“Тартибга солиш қумдони” махсус режими иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун тақдим этилган аризалар 20 иш куни ичида кўриб чиқилади ҳамда аризачини махсус режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

“Тартибга солиш қумдони” махсус режими иштирокчилари Ўзбекистон Республикасида инвестиция воситачиси ва чет эллик номинал сақловчи сифатида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА