1 февралда Грузия Бош вазири алмашади

Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили ва “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси раҳбари Ираклий Кобахидзе ўз лавозимларини алмашади, бу ҳақда 1 февраль куни расман эълон қилинади, деб хабар берди “Имеди” телеканали.

Ўша куни бўлиб ўтадиган йиғилишда Бош вазир лавозимига Кобахидзе номзоди кўрсатилади, партия раислигини эса Гарибашвили эгаллайди. Мамлакат матбуоти ёзишича, бу ўзгариш мамлакатда парламент сайлови яқинлашаётгани билан боғлиқ.

Зеленский Украина ҳарбийлари сонини маълум қилди

Украина қуролли кучларида 880 минг киши хизмат қилади, деди Президент Владимир Зеленский Германиядаги “ARD” медиахолдингига берган интервьюсида.

– 880 минг аскаримиз бор, армиямиз жами миллион кишидан иборат, – деди у. – Умуман, бизда 30 миллион одам ишламоқда, ҳатто, янаям кўпроқ. Аниқ рақамни айта олмайман.

Пентагон Украинага F-16 қирувчи самолётлари беради

Украина илк F-16 қирувчи самолётларидан 2024 йилдаёқ фойдалана бошлаши керак, Пентагоннинг мақсади шу, деб ёзди “Politico” нашри АҚШ мудофаа вазирининг халқаро хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Селест Уолландерга таяниб.

– Яхши янгилик шундан иборатки, Ғарб Украинага қирувчи самолёт ажратиш масаласини ҳал қилишда давом этмоқда, – деган Пентагон вакили.

КХДР қанотли ракета парвозини сув ости кемасида синовдан ўтказди

КХДР “Пульхвасаль-3-31” қанотли ракетасини сув ости кемасидан учириб, муваффақиятли синовдан ўтказди, дея хабар тарқатди Корея марказий телеграф агентлиги.

– Ракеталар мос равишда 7421 ва 7445 сония (икки соат атрофида) парвоз қилиб, оролдаги нишонни аниқ урди, – деб ёзган агентлик.

Таъкидланишича, синов тадбири атрофдаги мамлакатларнинг ҳеч бирига хавф солмаган.

Черковга ҳужум уюштирганлар

Россия ва Тожикистон фуқаролари экан

Истанбулдаги черковга ҳужум уюштиришда гумонланган икки кишининг бири Россия, яна бири Тожикистон фуқароси экани, текширув доирасида 47 киши қўлга олингани маълум қилинди.

Якшанба куни Истанбулда католиклар черковига қуролли ҳужум уюштирилиши оқибатида Туркия фуқароси ҳалок бўлган. Ҳодиса учун жавобгарликни “Ислом давлати” зиммасига олган.

– Қўлга олинганларнинг бири Тожикистон фуқароси бўлиб чиқди, иккинчиси россиялик, – деди Туркия ички ишлар вазири Али Эрлиқоя.

Пашинян Бокуга

ҳужум қилмаслик тўғрисида ҳужжат имзолашни таклиф этди

– Биз Озарбайжонга демилитация қилинган чегараларда қуролларни ўзаро биргаликда назорат қилиш ҳамда ҳужум қилмаслик тўғрисида пакт имзолашни таклиф қилдик, – деган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Арманистон армияси кунига бағишланган тантанали мажлисда. – Агар тинчлик шартномаси имзоланиши кутилгандан кўпроқ вақт талаб қилса, ушбу вариантни кўриб чиқишимиз лозим.

Марказий Осиёдаги эн қиммат шаҳар маълум қилинди

“Numbeo” рейтингига кўра, 2024 йилнинг биринчи ойида Алмати Марказий Осиёдаги энг қиммат шаҳар, деб топилган.

“Numbeo” 2009 йил асос солинган дунёдаги энг йирик маълумот захирасига эга манба ҳисобланади. Рейтинг фойдаланувчилар фикри, турар-жой ижараси, озиқ-овқат маҳсулотлари, ресторандаги нарх каби омиллар ёрдамида шакллантирилади.

“Kazinfrom” ёзишича, рўйхатда Остона иккинчи, Тошкент ва Бишкек учинчи-тўртинчи ўринларни эгаллаган. Осиёдаги энг қиммат шаҳар мақоми эса Сингапурга тегишли.

Қирғизистонда театр ёки кинода чекишни намойиш қилиш

жаримага сабаб бўлиши мумкин

Тегишли қонун лойиҳасини мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги муҳокамага қўймоқчи. Жарима спектакл, фильм ёки мультфильмда чекиш ҳолати намойиш қилинганда қўлланиши мумкин.

Шунингдек, вазирлик жамоат жойида ҳам чекишни тақиқлаш таклифини илгари суряпти.

Саидмурод Раҳимов тайёрлади, 

ЎзА