Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмологик кузатиш ва тадқиқот миллий илмий маркази жорий йил 23 январдан буён мамлакат ҳудудида 1900 дан зиёд ер силкинишини қайд этди, шундан 11 таси сезиларли, деб хабар берди вазирлик матбуот хизматига таяниб, “Анадолу”.
– Сейсмик фаоллик Хитой ва Қирғизистон чегарасидаги кучли зилзила билан намоён бўлган, сейсмик тўлқин яқин атрофдаги давлатлар, хусусан, Қозоғистон ҳудудига ҳам тарқалган, – дейилади департамент хабарида. – Одатда, кучли зилзиладан сўнг кўплаб афтершок содир бўлади. Ҳамон кузатилаётган жараён қанча давом этиши кўплаб омиллар, жумладан зилзила эпицентри жойлашган ҳудуднинг сейсмиклигига, ер шароитига боғлиқ. Сейсмиклик кучайиши жараёни аста-секин сусаяди ва нормал ҳолатга қайтади.
ФВВ Инқирозли вазиятларда бошқарув маркази базасида республика тезкор штаби иши давом этаётгани, транспорт ва ишлаб чиқариш объектлари одатдагидек ишлаётгани, вазият барқарорлигини қайд этди.
Фуқароларга ваҳимага тушмаслик, хотиржамликни сақлаш, шунингдек, дори-дармон, зарурий буюмлар, озиқ-овқат, ҳужжатлар, фонус ва иссиқ кийимдан иборат “сигнал жомадони”ни олдиндан тайёрлаш тавсия қилинди.
Аввалроқ Президент Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатда сейсмик хавфсизликни таъминлашга ёндашувни қайта кўриб чиқиш тўғрисида кўрсатма берган эди.
Мамлакат раҳбари фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, муаммоларни бартараф этиш тизими жиҳозланишини танқид қилган.
– Зилзила пайти нотўғри маълумот тарқатувчилар ҳам учради, – деди Президент. – Одамлар орасида ваҳима қўзғатганларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш керак. Аҳолининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини қоғозда эмас, амалда таъминлаш зарур.
М.Пирматова,
ЎзА