Инқироз худудидан қисқа хабарлар

Исроил 21 аскари ўлдирилганини тан олди. “ХАМАС ҳужуми натижасида 21 нафар аскаримиз ҳалок бўлди, биз оғриқ ва алам билан уйғондик”, – деди мамлакат армияси Мудофаа вазирлиги раҳбари Йоав Галант.

Туркиялик хакерлар Исроилнинг энг йирик кино тармоғидан бири реклама устунларини бузиб киришган. Реклама ўрнида “Болаларнинг қўрқоқ қотиллари!” ва “Қотиллик жазосиз қолишига йўл қўймаймиз!” сўзлари ёзиб қолдирилган.

ХАМАС ва Исроил ўртасида асирларни алмашиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича Қатар воситачилигидаги музокара боши берк кўчага кириб қолди, деб ёзди “Al Arabiya” нашри.

ХАМАС вакилларининг эҳтимолий сулҳ ҳақидаги баёноти: Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш таклифи ҳақидаги иддао ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳеч қандай расмий таклиф бўлмаган. Биз доимий равишда ўт очишни тўхтатиш тарафдоримиз, чекланган таклифларни рад этамиз.

Ғазо секторидаги амалиёт юзасидан Исроил ҳарбийлари орасида бўлиниш юзага келмоқда. “Агар қуруқликдаги амалиётимиз тўхтаса, партиямиз ҳукуматни тарк этади, биз ҳеч қачон, ҳеч қандай  шароитда мустақил Фаластин давлати тузилишига йўл қўймаймиз”, – деган Исроил маданият вазири Мики Зохар.

“ХАМАС ҳали тўлиқ мағлубиятга учрамаганидан жуда хафаман”, – деди Исроил мерос вазири Амихай Элияху.

– Нетаньяху стратегияси Исроилни АҚШдан узоқлаштириши ва Ғазо секторидаги тартибсизлик ичра қолдириши мумкин, – деди Исроил собиқ Бош вазири, Армия бош штаби собиқ бошлиғи Эхуд Барак. – Биз ҳеч қандай реал мақсадсиз Ғазо ўртасида қолиб кетамиз. Қолаверса, Ливанда ҳам, Ғарбий соҳилда ҳам уруш бошланиш хавфи бор.

– Исроилнинг ХАМАСни йўқ қилишга уриниши муваффақият келтирмайди, чунки бу ҳужум нафрат уруғини сочади, – деди ЕИ ташқи ишлар ва Хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель. – Энди икки давлат ўртасидаги муаммони ҳал қиладиган аниқ режа ҳақида гапира бошлашимиз керак.

АҚШ сенатори Крис Ван Холлен: Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху, жумладан, америкалик маҳбусларни озод қилишни ҳам орқага сурди. Бу ишни у урушни чўзиш учун қилди. Маҳбусларни қайтариш учун ўт очишни тўхтатиш керак, Президент Жо Байден эса икки давлат ечими бўйича йирик, дадил режа тақдим этиши лозим.

АҚШ разведкаси махфий ҳисоботига кўра, Исроил, гўё, янги тактикадан фойдаланиб, ХАМАСни “йўқ қилиш” мақсадидан узоқлашди. Американинг “The Wall Street” нашри ёзишича, Қўшма Штатлар разведкаси Исроилнинг ўлдирилган ХАМАС жангчилари ҳақидаги маълумотига шубҳа қилмоқда.

К.Бекжонов тайёрлади.

ЎзА