Ўзбекистон – Хитой: Инсон капиталини ривожлантириш йўлидаги ҳамкорлик самаралари

Мамлакатимиз раҳбарининг 2024 йилдаги илк давлат ташрифи айнан Хитойга амалга оширилишида ҳам рамзий маъно бор. Экспертларнинг фикрига кўра, ушбу ташриф ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга, икки давлат муносабатлари тарихида ўзига хос янги саҳифани очишга хизмат қилади.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Тимур Абдуллаев ташрифнинг аҳамияти, икки мамлакатнинг инсон капиталини ривожлантириш йўлидаги ҳамкорлиги самаралари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Мазкур давлат ташрифи арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон – Хитой: минг йилликларни қамраб олган дўстлик ва ҳамкорлик” номли мақоласи Хитойнинг марказий газеталарида эълон қилинди.
Унда давлатимиз раҳбари Хитой Халқ Республикасининг ҳозирги тараққиёт йўли, жаҳонда тобора ошиб бораётган нуфузи ва мавқеи, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг узоқ тарихига юксак баҳо берди.
“Буюк қадимий цивилизациялар ҳар доим бир-бирига ўхшаш, бир-бирини тушунади ва руҳан яқиндир. Ўзбек ва хитой халқларининг маданияти ва идеаллари ўхшаш”, дея таъкидланади мақолада.

Дарҳақиқат, бой тарихий меросга эга мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Тарихан Буюк ипак йўли минтақа халқларини бир-бирига боғлаб, нафақат савдо, балки илмий ва маданий ришталарни боғлашда муҳим роль ўйнаган.
Бугунги кунда икки давлат етакчиларининг мустаҳкам дўстлиги ва сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари стратегик шериклик даражасида жадал ривожланиб келмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Хитой халқаро майдонда умумий манфаатли масалалар бўйича, шунингдек, миллий ривожланиш стратегиясини илгари суришда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Маълумки, икки давлат ўртасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда. Томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда сезиларли ютуқларга эришилди.
Ҳозирги вақтда дунёда юз бераётган шиддатли инновацион ўзгаришлар, рақамлаштириш жараёнлари, сунъий интеллектнинг жорий этилиши мамлакатларимиз олдига янгидан-янги долзарб вазифаларни қўймоқда. Бундай шароит давлатларимизнинг ҳамкорлик борасида ҳали ишга солинмаган улкан имкониятларидан тўлақонли фойдаланишни тақозо этмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, яқин беш йил ичида жаҳон меҳнат бозорида сезиларли ўзгаришлар рўй беради. Хусусан, 83 миллион иш ўрни йўқ бўлиши ҳамда 69 миллион янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Ўз навбатида, кадрлар сиёсати, инсон капиталини ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Хитойнинг улкан салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган муҳим йўналишлардан биридир.
Бугунги кунда айнан инсон капиталини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда ва бу борада эришилган салмоқли ютуқларни алоҳида таъкидлаш жоиз.
Айни пайтда икки мамлакат таълим, илмий-техника муассасалари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, идоралараро дастурлар доирасида талабалар ва стажёрлар алмашинуви фаоллашмоқда. Ўзбекистондаги олтита университетда хитой тили ўқитилади.
Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида 600 дан ортиқ талаба хитой тилини асосий тил сифатида ўрганмоқда. Хитой тарихи, маданияти ва анъаналарини ўрганишни тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида хитой тили марказлари ташкил этилиб, улар ўқув-услубий қўлланмалар, ўлкашунослик бўйича дарслик ва материаллар билан таъминланган.
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Конфуций институти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда 1,2 мингдан ортиқ фуқароларимиз хитой тилини ўрганмоқда.
Шунингдек, юртимизда нуфузли Синьхуа ва Пекин университетларининг филиалларини очиш бўйича муҳокамалар давом этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ҳар томонлама ижтимоий адолатга эришиш, қашшоқликка қарши курашиш, ўрта синфни кенгайтириш, фаровонлик ва тенгликни таъминлаш борасида Хитой тажрибасини ўрганишдан чуқур манфаатдор.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида минтақалараро алоқалар фаоллашди. Ўзбекистонга Шинжон-Уйғур автоном округи, Шэньси, Шаньдун, Цзянсу ва Цзянси провинцияларидан делегациялар ташриф буюрди. Мамлакатимизда Хитойнинг камбағалликни қисқартириш бўйича тўплаган бой тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қайд қилиш керакки, давлат хизматчилари учун Хитойда малака ошириш курсларини ташкил этиш борасида ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мисол учун, кейинги беш йил ичида 4,2 мингга яқин давлат хизматчиси малака ошириш дастурларида иштирок этди. Малака ошириш дастурлари камбағалликни қисқартириш, қишлоқ хўжалиги, давлат бошқаруви, тадбиркорлик, иқтисодиёт ва молия, энергетика, таълим, туризм ва бошқа соҳаларни қамраб олди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг бундай шакллари Ўзбекистон ва Хитой ўртасида инсон капитали, билим алмашинуви ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Мавжуд имконият ва ресурслардан фойдаланган ҳолда томонлар барқарор ривожланиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётгани эса, албатта, ўз самарасини беради.
ЎзА мухбири Н.Абдураимова ёзиб олди.