Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6243-сон Фармони билан бошланган ер муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида:

1. 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилсин.

2. Белгилансинки:

а) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали ўттиз йилга ижарага берилади, бунда бошланғич нарх ер участкасининг норматив қиймати миқдорида белгиланади;

б) ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича материалларни тайёрлаш, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар, очиқ электрон танлов учун белгиланган тартибда, электрон онлайн аукцион савдоларини ўтказиш эса, аукцион савдоларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибига мувофиқ амалга оширилади;

в) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини уч йил муддатда ҳар ойда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;

г) деҳқон хўжалиги, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолиби бўлган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган фуқароларга ер участкаси нархини беш йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;

д) электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижара ҳуқуқини сотишдан тушган маблағлар ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда қуйидаги тартибда тақсимланади:

10 фоизи – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларга (2 фоиз – “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” МЧЖга, 3 фоиз – “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институтига, 5 фоиз – Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасига);

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир ярим баравари миқдорида – ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатдан ўтказувчи органнинг ҳисобварағига;

қолган маблағлар – тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига.

3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимлари, Кадастр агентлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда 2024 йил 1 мартга қадар:

1-иловага мувофиқ 15 626,8 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилишини (аҳоли пунктларига яқин, сув таъминоти яхши, унумдорлиги юқори бўлган, майдони, қоида тариқасида, 5 гектардан юқори контурларни 1 гектаргача лотларга бўлган ҳолда);

очиқ электрон танловга чиқарилган ва ғолиб аниқланмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари 2024 йил 1 мартдан бошлаб автоматик тарзда электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин.

4. 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат берилсин. Бунда:

ижарага олувчи ер участкасидан камида уч йил давомида, ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда эса, камида беш йил давомида ўзи фойдаланган бўлиши шарт, ушбу муддат ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ҳисобланади;

юридик шахсларга электрон онлайн аукцион савдолари, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан давлат органларининг қарорлари билан тўғридан-тўғри ижарага берилган ер участкаларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб беш йилдан кейин йўл қўйилади;

ижарага берувчи очиқ электрон танлов натижасига кўра ижара муддатига тенг тақсимланадиган қўшимча тўловларни ёки электрон онлайн аукцион савдолари натижаларига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган тўловларни бирйўла тўлаши шарт.

5. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2023 йил 13 декабрдаги “Республикамизда ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш, бу борада маҳаллий Кенгашлар томонидан назорат қилиш самарадорлигини янада ошириш тўғрисида”ги 3787–IV/КҚ-642–IV сонли қўшма қарори маълумот учун қабул қилинсин.

2024 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган, ҳужжатдаги ва амалдаги майдони бир-биридан фарқ қиладиган, доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган, шу сабабларга кўра ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳолда амалда фойдаланиб келинаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиб, ўз сессияларида ушбу ер участкалари бўйича:

туман (шаҳар) ҳокими ва ердан фойдаланувчи ўртасида ер ижараси шартномасини тузиш (ижара шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш) тўғрисида;

ер участкасини захирага қайтариш чораларини кўриш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати берилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари 2024 йил 31 декабрга қадар ўз ҳудудларида ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган, лекин амалда фойдаланиб келинаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган барча ер участкалари бўйича ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки ерни захирага қайтариш чораларини кўрсин.

6. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерлар учун қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплаш бўйича тўловлар барча ҳолларда барча шахслардан тўлиқ ундирилиши белгилансин, бундан ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ҳоллар мустасно.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ гаровга қўювчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқлар гарови билан таъминланган мажбурияти бажарилмаган тақдирда, ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда, ижара ҳуқуқини ер ижараси шартномасининг қолган даврига электрон онлайн аукцион савдолари орқали реализация қилишга рухсат этилади. Бунда:

ер участкасига ижара ҳуқуқини электрон онлайн аукцион савдоларига чиқаришни ваколатли органлар билан келишиш (хулоса олиш) талаб этилмайди;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, ижара ҳуқуқини электрон онлайн аукцион савдоларида реализация қилишдан тушган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланади.

8. Агросаноат кластерларига ер участкаларини Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўғридан-тўғри ижарага бериш тартиби бекор қилинсин. Бунда, агросаноат кластерлари ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали ёки йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш йўли билан ижарага олишлари мумкин.

9. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги икки ой муддатда йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш тартибини соддалаштириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини, шунингдек, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга ер участкаларини ажратиш тартибини такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, ер участкаларини чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш йўли билан маҳаллий ва чет эллик инвесторларга тўғридан-тўғри ижарага беришда ушбу ер участкасига ижара ҳуқуқининг баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланадиган бозор қийматига нисбатан коэффициентларда белгиланадиган миқдордаги маблағ ижарага олувчи томонидан Давлат бюджетига тўланиши назарда тутилсин.

10. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига
2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Ходжаев ва Ж.А.Қўчқоров, қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов белгилансин.

Фармон ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

           Президенти                                                                                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2024 йил 18 январь