Сербиянинг Сомбор шаҳрида аёллар бокси бўйича ўтказилган “Миллатлар лигаси” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақанинг финал баҳсларида 7 нафар боксчимиз рингга кўтарилди. Ушбу беллашувларда вазни -50 килограммгача бўлган Феруза Казакова мезбонлар вакили Нина Радовановични, -52 кг вазнда эса Азиза Якубова яна бир сербиялик Драгана Жовановични мағлубиятга учратиб олтин медаль соҳибига айланди. Шунингдек, -57 кг вазда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Ситора Турдибекова руминиялик Клаудиа Нечитани, -75 кг вазн тоифасида Азиза Зокирова қозоғистонлик Анастасия Баязитовани енгиб, халқаро турнир чемпионига айланди.
Финалга қадар муваффақиятли иштирок этган Саидахон Раҳмонова, Райҳона Қодирова ҳамла Навбаҳор Ҳамидова терма жамоамиз ҳисобига кумуш медални келтирди. “Миллатлар лигаси”да Мухлиса Хушвақтова, Моҳинабону Абдуллаева, Хадичабону Абдуллаева ҳамда Олтиной Сотимбоевалар бронза медали билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА