Лондонда ФИФА томонидан турли йўналишларда 2023 йилнинг энг яхшиларини тақдирлашга бағишланган “The Best” маросими ўтказилди. “The Best” маросимида йилнинг энг яхши футболчиси дея аргентиналик Лионель Месси эътироф этилди. Мессидан ташқари мазкур мукофотни олиш учун норвегиялик Эрлинг Ҳолланд ва франциялик Килиан Мбаппе даъвогарлик қилди.
Аёллар орасида эса испаниялик Айната Бонмати энг яхши аёл футболчи бўлди.
Ўтган мавсум давомида «Манчестер Сити» клуби билан УЕФА Чемпионлар лигаси, Англия Премьер-лигаси, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва бир қатор бошқа совринларни қўлга киритган Хосеп Гвардиола мавсумнинг энг яхши мураббийи деб топилди. Англия аёллар миллий жамоаси мураббийси Сарина Вигман эса аёллар орасида энг яхши мураббий деб тан олинди.
Шунингдек, “Манчестер Сити” посбони, бразилиялик Эдерсон ва “МЮ” аёллар клуби дарвозабони Мари Эрпс йилнинг энг яхши дарвозабони бўлди. Бразилиялик Гиллермо Мадруга энг чиройли гол муаллифига айланди. “Fair Play” соврини Бразилия миллий терма жамоасига топширилди. Энг яхши мухлис эса “Колон Санта Фе” мухлиси, аргентиналик Уго Даниэль бўлди.
ФИФА йил рамзий терма жамоасини тузди. Ушбу жамоа таркиби билан қуйида танишасиз:
Дарвозабон: Тибо Куртуа (“Реал Мадрид”)
Ҳимоячилар: Кайл Уолкер (“Манчестер Сити”), Жон Стоунз (“Манчестер Сити”), Рубен Диаш (“Манчестер Сити”)
Ярим ҳимоячилар: Кевин де Брюйне (“Манчестер Сити”), Жуд Беллингем (Реал Мадрид), Бернарду Силва (“Манчестер Сити”).
Ҳужумчилар: Лионель Месси (“Интер Майами”), Килиан Мбаппе (ПСЖ), Эрлинг Ҳолланд (“Манчестер Сити”), Винисиус Жуниор (“Реал Мадрид”).
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА