Эртага, 12 январь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида футбол бўйича Осиё кубоги финал босқичининг гуруҳ ўйинларига старт берилади. Мусобақанинг тантанали очилиш маросимидан сўнг илк учрашув Тошкент вақти билан соат 21:00 да Қатар ва Ливан ўртасида бошланади. Шу билан бирга, турли гуруҳларда белгиланган учрашувлар ўтказилади.

Биз учун аҳамиятлиси, кубок баҳсларининг “B” гуруҳидан ўрин олган ўйинлардир. Ушбу гуруҳ учрашувлари 13 январь куни старт олади. Унда Ўзбекистон, Сурия, Ҳиндистон ва Австралия терма жамоалари ўзаро плей-офф босқичи учун ўзаро рақобатлашади.

Сречко Катанец бошчилигидаги терма жамоамизнинг дастлабки ўйини 13 январь куни соат 22:30 Сурия термасига қарши ўтказилади. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 18 январь куни Ҳиндистон билан соат 19:30да, австралиялик футболчилар билан эса 23 январь куни соат 16:30 ўзаро куч синашади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур учрашувлардаги вақт Тошкент вақти билан кўрсатилган.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керакки, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳар бир учрашувини тажрибали футбол мутахассислари кузатиши шубҳасиз. Бунга сабаб, жамоамизда Элдор Шомуродов йўқлигида асосий эътибор легионер мақомида ўйнаш тажрибасига эга бўлган Остон Ўрунов, Рустам Ашурматов, Аббосбек Файзуллаев, Ҳожимат Эркинов ва Абдуқодир Ҳусановга қаратилади.

Умид қиламизки, бу йилги Осиё кубогида терма жамоамиз улкан муваффақиятга эришади ва футбол тарихимизда янги саҳифа очади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА