Дунёдаги озиқ-овқат нархлари индекси декабрь ойида 1,5 фоизга камайди, халқаро шакар нархлари котировкаларида эса кескин пасайиш кузатилди. Бу ҳақда Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) хабар бермоқда.
Дон маҳсулотлари – буғдой, маккажўхори, гуруч ва арпа нархи 1,5 фоизга ошди. ФAОнинг қайд этишича, бу қисман асосий экспорт қилувчи мамлакатлардан етказиб беришга тўсқинлик қилган логистика узилишлари билан боғлиқ. Бироқ дон маҳсулотлари учун 12 ой давомида ўртача нарх ўтган йилга нисбатан 15,4 фоизга пасайган. 2023 йилда фақат гуруч нархи кўтарилди. Бу асосан Эл Нинонинг гуруч ишлаб чиқаришга таъсири ва Ҳиндистон томонидан қўйилган экспорт чекловлари билан боғлиқ.
Ўсимлик ёғи ноябрь ойига нисбатан 1,4 фоизга, 2023 йилда эса бу кўрсаткич 32,7 фоизга камайди. Шакар нархлари индекси ноябрь ойига нисбатан 16,6 фоизга тушиб, тўққиз ойлик энг паст даражага етди, гарчи бу кўрсаткич ҳали ҳам 2022 йил декабр даражасидан 14,9 фоизга юқори.
Шакар нархининг пасайиши, асосан, Бразилияда юқори ишлаб чиқариш суръатлари, шунингдек, Ҳиндистонда этанол ишлаб чиқариш учун шакарқамишдан фойдаланишнинг камайиши билан боғлиқ.
Гўшт нархлари индекси 2023 йилнинг ноябрига нисбатан 1 фоизга, 2022 йилнинг декабрига нисбатан эса 1,8 фоизга пасайган.
Минтақавий истеъмолчиларнинг мол гўшти ва парранда гўштига бўлган қизиқиши ҳам, асосий ишлаб чиқарувчи ҳудудларда кўп экспорт таъминотига қарамасдан камайди.
Умумий тенденциядан фарқли ўлароқ, сут маҳсулотлари нархлари индекси ноябрь ойига нисбатан 1,6 фоизга ошди, гарчи унинг қиймати 2022 йил декабрига нисбатан 16,1 фоизга паст. Ойлик ўсиш Ғарбий Европада байрам мавсуми олдидан кучли истеъмол талаби билан қўллаб-қувватланган сариёғ ва пишлоқ нархининг ошиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, глобал импорт талабининг юқорилиги тўлиқ сут кукуни халқаро таъминотининг ошишига олиб келган.
Гўзал Сатторова, ЎзА