Немис фермерлари бир ойдан ортиқ вақтдан бери ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги учун субсидияларни қисқартириш режаларига қарши норозилик билдиришмоқда. Норозилик намойишига чиққан  юздан ортиқ фермер бортида Германия вице-канцлери, Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш вазири Роберт Хабек бўлган кемани тўсиб қўйишга уринган. Роберт Хабек таътилдан кемада қайтаётган бўлган, бироқ кемани ғазабланган фермерлар кутиб олишган ва учрашишни талаб қилишган.

Хабекнинг матбуот котиби берган маълумотга кўра, вазир намойишчилар билан гаплашишга мамнуният билан рози бўлган, аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан фермерларнинг вакиллари билан учрашмоқчи бўлган, лекин фермерлар бунга кўнишмаган. Сўнг фермерларни тарқатиш учун полиция кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланишга мажбур бўлган. Немис фермерлари декабрь ойидан буён ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги субсидияларини қисқартириш ниятига қарши оммавий норозилик намойишлари уюштирмоқда.

Бюджетни тежаш доирасида фермерлар 2024 йилда дизель ёқилғиси бўйича чегирмалар ва солиқ имтиёзларидан маҳрум бўлишлари керак эди. Германия Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, бу чора ҳар йили бюджетни 480 миллион евро тежашга ёрдам беради. 18 декабрь куни Берлиндаги Бранденбург дарвозасида кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтди. 4 январь куни Германия Вазирлар Маҳкамаси ўз режаларини ўзгартирганини маълум қилди. Бу январь ойида режалаштирилган янги намойишларни тўхтатадими ёки йўқми номаълум. Аммо немис сиёсатчилари фермерларнинг  бу ҳаракатларини қораламоқда.

«Бундай ҳаркатлар шармандали ва демократик жамият қоидаларига тўғри келмайди», – деди Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Хебештрайт.

“Бу ҳаракат тинч намойишлар ўтказаётган кўплаб фермерларни обрўсизлантиради”, – деди Адлия вазири Марко Бушман.

“Қаерда баҳслар зўравонлик билан алмаштирилса, демократия чегараларини бузади”, – деб ёзади Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ўз постида.