Грузия 2030 йилгача Евроиттифоққа аъзо бўлиш учун тўлиқ тайёр бўлади, деди ҳукуматни бошқараётган “Грузия орзуси – демократик Грузия” партияси раиси Ираклий Кобахидзе “Имеди” телеканалида чиқиш қилганида.
Сиёсатчи Грузия ва Молдованинг имкониятларига баҳо берар экан, Грузия икки йил ичида иқтисодий кўрсаткичларни кескин оширганини таъкидлаган. Унинг фикрича, бу ЕИга кириш учун ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Декабрда бўлиб ўтган ЕИ саммитида Украина ва Молдованинг Евроиттифоққа аъзо бўлиши бўйича музокараларни бошлашга қарор қилинган эди. Музокаралар 2024 йил март ойида ёки кейинроқ бошланиши мумкин. Саммитда шунингдек, Грузияга ҳам ҳамжамиятга аъзо бўлиш учун номзод мақоми берилгани эълон қилинганди.