Осиё футбол конфедерацияси Қатарда ўтадиган қитъа кубоги мусобақасида фаолият олиб борадиган ўзбекистонлик бир қатор мутахассисларга чақирув хатини йўллади.

Унга кўра, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 4 нафар малакали мутахассиси қитъа кубоги ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш ишларида бевосита иштирок этади.

Ҳамюртимиз ЎФА бўлим бошлиғи Муҳаммад Содиқ Содиқ-Охунов қитъа кубоги баҳсларида аккредитациядан ўтказиш бўйича координатор, Ёқубжон Сохибов Доҳадаги “Жассим бин Ҳамад” стадионида маркетинг масалалари бўйича менежер, Санжар Ҳайдаров стадионларда ахборот-кўнгилочар тизими координатори, Ислом Рўзиев Осиё футбол конфедерацияси расмий фотосуратчиси сифатида фаолият олиб бориши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 январь-10 февраль кунлари ўтказиладиган Осиё кубоги ўйинларида қитъа мамлакатларининг 24 та миллий терма жамоалари иштирок этади.

Т.Рўзиев, ЎзА