Япониянинг Исикава ҳудуди кучли зилзила оқибатларини бошдан кечирмоқда. Деярли 100 минг япон уйини тарк этишга мажбур бўлди. Бу ҳақда “The guardian” хабар берди.
Япониянинг марказий қисмида рўй берган кучли зилзила оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳатланди. Цунами хавфи даражаси пасайган, бироқ юз мингга яқин япониялик кеча тунни эвакуация марказларида – мактаблар ва спорт залларида ўтказган.
1 январь куни Исикава ҳудудида 7,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Бош вазир Фумио Кисида сўзларига кўра, айниқса, ғарбий қирғоқ зонаси зарар кўрган. Қутқарувчилар вайроналар остидан жабрланганларни қутқаришга ҳаракат қилмоқда.
– Катта зарар етказилгани, жумладан, қурбонлар борлиги, бинолар қулаши ва ёнғинлар қайд этилгани ҳақида хабар олдим. Ҳозирда кузатилаётган электр, сув ва алоқа узилишларига келсак, ходимлар уларни жойида тиклаш устида ишламоқда, – деди Фумио Кисида.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, табиий офат оқибатида жабрланган ҳудудларга олиб борувчи йўллар бузилиб кетгани, ёрдамга муҳтожларнинг ҳаммасига ҳали етиб бора олмаётгани қутқарув ишларини мураккаблаштирмоқда.
Мамлакатнинг Ното яриморолидаги энг кўп зарар кўрган ҳудудига минг нафар ҳарбий жўнатилган. Ҳудуддаги аэропортлардан бири учиш-қўниш йўлагидаги ёриқлар туфайли ёпилишга мажбур бўлди.
Метеорологларнинг маълумотларига кўра, душанба куни эрталабдан бери Японияда турли магнитулаларда 155 та зилзила содир бўлган. Ерости силкинишлари давом этиши кутилмоқда.