Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонуннинг 52-моддасига асосан қопланади.
Яъни, бунда мазкур модданинг иккинчи қисмига кўра, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларидан фойдаланиш қоидаларига жисмоний ва юридик шахслар томонидан риоя этмаганлик, шу жумладан ушбу тармоқларга, иншоотларга шикаст етказганлик, таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширишга монелик қилганлик, сув объектларини ифлослантирганлик натижасида етказилган зарарнинг ўрни айбдор шахслар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродовнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасига асосан умумий фойдаланишдаги водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд совуқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш ўғрилик саналади.
Шунингдек, умумий фойдаланишдаги водопровод тармоқларига сув таъминоти ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан олдиндан тил бириктириб, тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд совуқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бугунги кунга қадар иккита ҳолатда фуқароларга нисбатан айни йўналишда жиноий иш очилиб, 3 ва 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш чоралари кўрилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА