Япон олими Такуя Хасимото бошчилигидаги халқаро астрономлар гуруҳи радиотелескоп ёрдамида MACS1149-JD1 галактикасида кислород изларини аниқлади.
Бу ҳақда “Science Daily” нашри хабар беради.
Олимлар ALMA радиотелескопи ёрдамида MACS1149-JD1 галактикаси Ердан 13,28 миллиард ёруғлик йили олислигида жойлашганини аниқлашган. Тадқиқотга кўра бу галактикадаги юлдузлар Буюк Портлашдан 250 миллион йил ўтиб пайдо бўлган. Аҳамиятлиси, бунчалик “кекса” юлдузлар фанга ҳозиргача маълум эмас эди.
“ALMA орқали мана шундай олис масофада кислород излари топилганидан жуда ҳаяжондаман. Шубҳасиз, бу кашфиёт Коинотни тадқиқ этиш чегараларини мислсиз кўламда кенгайтириб юборади ”, деган янги тадқиқот ҳақида гуруҳ раҳбари, Осака университети ва миллий астрономия обсерваторияси ходими Такуя Хасимото.
Аввалроқ ҳам астрономлар ALMA ёрдамида Коинотнинг энг олис нуқталарида кислород изларини аниқлаган эди. Хусусан, 2016 йилда олимлар Акио Иноэ ва Николас Лапорту Ердан 13,1-13,2 миллиард ёруғлик йили узоқликдаги масофаларда ҳаёт белгиларини қайд этишга муваффақ бўлган.