Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш, жумладан, аҳолида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бизнес ташаббусларини молиялаштириш ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш бўйича яхлит тизим жорий этиш мақсадида:

1. Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгилансин:

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ўқитиш орқали уларнинг бизнес ташаббусларини молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиш ва “оилавий тадбиркор – микробизнес – кичик бизнес – ўрта бизнес” занжири асосида уларнинг фаолиятини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

давлат дастурлари доирасида кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ ва бошқа ҳамкор тижорат банкларидан иборат яхлит молиявий тизим асосида қўллаб-қувватлаш;

тадбиркорликка ўқитиш, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда бизнес жараёнларининг барча босқичларида доимий ҳамроҳлик қилишни “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” МЧЖлар ва “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖда, шунингдек, ваколатли органлар ва тижорат банкларининг тадбиркорлик йўналишидаги электрон платформаларида (кейинги ўринларда – электрон платформалар) амалга ошириш.

2. 2024-2026 йиллар учун “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ фаолиятининг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгилансин:

а) “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бўйича:

кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар қолдиғини 1,7 бараварга ошириш орқали кредит портфелидаги улушини 28 фоиздан 43 фоизга етказиш;

кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жами 800 миллион АҚШ долларигача миқдорда ресурслар жалб қилиш;

300 миллион АҚШ доллари миқдорида облигация (евробонд)ларни халқаро капитал бозорларида муомалага чиқариш;

150 мингта кичик тадбиркорлик субъекти фаолиятини йўлга қўйиш
ва кенгайтириш;

б) “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ бўйича:

кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган молиявий хизматлар ҳажмини 8 триллион сўмдан 14 триллион сўмга етказиш;

150 та ўрта бизнес корхонасига улуш киритиш ва хизматлар ипотекаси асосида 300 та лойиҳани тадбиркорлик субъектларига сотиш;

ўрта тадбиркорлик субъектлари сонини 2,5 бараварга ошириш;

300 миллион АҚШ доллари миқдорида облигация (евробонд)ларни халқаро капитал бозорларида муомалага чиқариш.

3. Қуйидагилар:

Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) 1-иловага мувофиқ таркибида;

Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилиш бўйича ҳудудий комиссиялар 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда ташкил этилсин.

4. Республика комиссияси (Қўчқоров) 2023 йил 15 декабрга қадар:

ҳудудлар ва давлат дастурлари йўналишлари кесимида 2024 йилда 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилишнинг мақсадли кўрсаткичларини;

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ фаолиятининг асосий мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича аниқ чора-тадбирларни (тармоқ жадвалларини) тасдиқласин.

Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари И.И.Норқулов, Марказий банк раиси ўринбосари А.А.Турдалиев ва ўзларига бириктирилган ҳудудлар бўйича Республика комиссияси аъзолари зиммасига аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг устувор йўналишларини рўёбга чиқариш ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш вазифаси юклансин.

Республика комиссияси аъзолари бир ой муддатда ўзлари бириктирилган ҳудудда ҳар бир туман ва шаҳарга чиққан ҳолда, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун ўқув семинарларини ташкил қилсин.

5. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (Вафаев) бир ой муддатда “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБга жами 300 миллион АҚШ доллари миқдорида, шу жумладан:

75 миллион АҚШ доллари “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг устав капиталини оширишга;

225 миллион АҚШ доллари субординар қарз сифатида 15 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставкада маблағлар ажратсин.

6. Белгилансинки:

а) кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш учун “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” МЧЖлар ва “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖнинг вакиллари белгиланган тартибда Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари биноларига жойлаштирилади;

б) Савдо-саноат палатаси (Ваҳобов), Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Қосимов), Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (Убайдуллаев) ҳар ҳафта:

маҳаллаларга чиққан ҳолда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида давлат дастурларида кичик ва ўрта бизнес учун белгиланган молиявий имкониятлар тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради;

“Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” МЧЖларда намунавий қўлланмалар асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун ўқув семинарларини ўтказиб боради;

салоҳиятли тадбиркорлик субъектларини аниқлаб, “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” МЧЖларга ва “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖнинг вакилларига уларнинг лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тавсиялар беради.

7. Белгилаб қўйилсинки, давлат дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 июлдан бошлаб:

кредит ажратишнинг барча босқичлари (аризани кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, кафиллик бериш ва кредит ажратиш) рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади;

кредит таъминотларини назорат қилиш, гаровга олинган мулкларни тақиқдан тўлиқ ёки қисман чиқариш ҳамда алмаштириш жараёнлари электрон платформалар орқали марказлашган ҳолда ташкил қилинади;

ахборот технологиялари ёрдамида мижозлар бизнес-режалар асосида фаолият юритиши, пул оқимлари ва бошқа кўрсаткичларини таҳлил қилиш орқали хатарларни олдиндан аниқлаш механизми амалиётга киритилади;

давлат дастурлари доирасида туман (шаҳар) ва маҳаллаларга ажратиладиган кредитлар ҳажми юзага келган муаммоли кредитлар улушидан келиб чиқиб белгиланади.

8. 2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар давлат харидлари махсус ахборот порталида давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация асосида ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган товарларни (маҳсулотларни) давлат буюртмачиларига бир молия йили давомида жами 10 миллиард сўмгача қийматда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишга рухсат берилсин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган шартномаларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш учун давлат харидлари махсус ахборот порталида алоҳида саҳифа ташкил этсин ва уни вазирлик ва идоралар маълумотлар базалари билан интеграция қилсин.

9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Норқулов):

Марказий банк (Турдалиев), “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ (Аннақличев), “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ, Савдо-саноат палатаси (Ваҳобов) ва Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Қосимов), билан биргаликда бир ҳафта муддатда давлат дастурларида назарда тутилган имкониятлар ва уларда иштирок этиш шартлари тўғрисида тақдимот материаллари ва видеороликлардан иборат намунавий қўлланмалар тайёрлаб, Республика комиссияси аъзолари ва ҳудудий комиссияларга етказилиши ҳамда электрон платформаларда жойлаштирилишини таъминласин;

манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Марказий банк раиси М.Б. Нурмуратов белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                                                                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2023 йил 15 ноябрь