Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг самарали институтларидан бири бўлган адвокатуранинг роли ва аҳамиятини кучайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонлар тортишуви принципининг лозим даражада ишлашини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилди, адвокатларнинг профессионал фаолиятини бажариши учун зарур қонунчилик базаси яратилди.
Шу билан бирга, таҳлиллар кўрсатганидек, адвокатура ҳанузгача одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлана олмади, адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига халал бераётган қатор омиллар мавжуд. Хусусан:
биринчидан, суриштирув ва тергов органларининг айрим ходимлари томонидан адвокатлар ўзларининг ишонч билдирувчилари (ҳимояси остидагилари) олдига киришларига юзаки сабабларга кўра тўсқинлик қилинмоқда, бундай ҳолатларда адвокатларнинг шикоятларини кўриб чиқишнинг амалдаги механизмлари адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларининг самарали олдини олишни таъминламаяпти;
иккинчидан, адвокатларнинг жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун турли ташкилотларга йўллаётган сўровлари кўп ҳолларда, энг аввало, давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда, адвокат сўровини кўриб чиқишнинг аниқ тартиби ва муддатлари, билатуриб ёлғон ёки нотўғри ахборотни тақдим этганлик учун жавобгарлик белгиланмаган;
учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг (кейинги ўринларда Адвокатлар палатаси деб юритилади) адвокатура институти ҳимоячиси сифатидаги роли пасайиб кетган, унинг адвокатлар билан ўзаро ҳамкорлиги статистика йиғиш билан чекланиб қолмоқда ҳамда ортиқча бюрократиядан иборат бўлмоқда;
тўртинчидан, адвокатлик тузилмаларининг амалдаги ташкилий-ҳуқуқий шакллари юридик хизматлар кўрсатиш бозорида рақобатнинг ривожланишига хизмат қилмаяпти, юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш адвокатлик фаолиятидан ажратилмаганлиги соҳанинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда;
бешинчидан, адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тизими юридик амалиётнинг тегишли соҳаларга бўлинишини ҳисобга олмайди, бу эса адвокатлик касбининг ихтисослашувига салбий таъсир этмоқда;
олтинчидан, адвокатлик лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш масалаларини кўриб чиқишда салмоқли маъмурий таъсир кўрсатишга йўл қўйилмоқда, натижада адвокатуранинг эркинлиги ва мустақиллигига путур етмоқда;
еттинчидан, билими етмаслиги, ўзининг касбий мажбуриятларига виждонсиз муносабатда бўлиши сабабли адвокатлар томонидан Адвокатларнинг касб этикаси қоидалари талаблари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдини бузиш ҳоллари кўплаб учрамоқда, бу эса ишонч билдирувчиларнинг (ҳимоя остидагиларнинг) норозилигига сабаб бўлмоқда.
Адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 июлдан бошлаб:
адвокат низоларни судгача ҳал қилиш, томонларни яраштириш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади, адвокат томонлардан бирининг вакили бўлган ҳолатлар бундан мустасно;
адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати олти ойдан уч ойга қисқартирилади, бунда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахслар мажбурий стажировкадан озод этилади;
лицензияни тугатиш учун асос бўладиган адвокат томонидан узрли сабабларсиз ўз касб мажбуриятларини бажармаслик муддати амалдаги уч ойдан олти ойга узайтирилади;
суднинг адвокатни жиноят содир этишда айбдор деб топиш тўғрисидаги айблов ҳукми кучга кирган тақдирда, судья бир сутка ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини ва Адвокатлар палатасини белгиланган тартибда ёзма хабардор қилади;
фаолият юритаётган адвокатлар ва янгидан адвокат мақомини олган шахслар Адвокатлар палатаси томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда белгиланган ҳар бир танланган мутахассислик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатадилар. Бунда фаолият юритаётган адвокатларнинг лицензияларини қайта расмийлаштириш уларни танлаган мутахассислиги бўйича қайта аттестациядан ва йиғимларни тўлашдан озод этган ҳолда амалга оширилади;
адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари талаблари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда, шунингдек, лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган муддатларда бартараф этмаганда, лицензиянинг амал қилишини тугатиш Олий малака комиссияси хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади;
адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилади.
2. Белгилаб қўйилсинки:
адвокатларнинг ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио ва видеокузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақланиб қолиниши шарт;
адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига қатъий риоя этган ҳолда, суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга, ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно. Бунда қайд этилган қурилмалардан суд биноси ичкарисида фойдаланиш суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаслиги керак;
адвокатларнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган, давлат ва бошқа органлардан ҳамда корхона, муассаса ва ташкилотлардан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатлар ёки уларнинг нусхаларини олиш учун сўровлари сўров қабул қилинган пайтдан бошлаб кўпи билан ўн беш кун муддатда бажарилиши шарт, давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно;
адвокатлик бюроларини таъсис этган адвокатлар ўз фаолиятини мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда ўзларига тегишли бўлган турар жойларида амалга оширишлари мумкин, бунда ушбу турар жойларни адвокатлик бюроси фаолиятида фойдаланиш учун нотурар жой тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди;
адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиладилар.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатасининг 2018 йилнинг 1 августидан бошлаб қуйидаги тартибни жорий этган ҳолда ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатувчи субъектлар доирасини кенгайтириш ҳақидаги таклифига розилик берилсин:
тижорат ташкилотлари юридик маслаҳат хизматларини лицензия олмасдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга ошириши мумкин. Бунда қайд этилган ташкилотлар фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича судларда вакиллик қилиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар;
адвокатлик тузилмалари юридик маслаҳат хизматларини Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги қонунига мувофиқ амалга оширади.
Адлия вазирлиги Адвокатлар палатаси билан биргаликда икки ой муддатда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтмасдан умумий талабларни назарда тутган ҳолда Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Адвокатура институтини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Адвокатлар палатасига:
замонавий талаблар, мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ адвокатура фаолиятининг кафолатларини амалда таъминлаш, адвокатлик тузилмалари ва адвокатларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўз ишини қайта йўналтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш;
Адвокатлар палатаси ҳузурида малакали юридик ёрдам кўрсатиш стандартлари ва бошқа адвокатлик фаолияти стандартларини ишлаб чиқиш, Адвокатлар касб этикаси қоидаларини қўллаш бўйича Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари, барча адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар учун мажбурий бўлган тушунтиришлар бериш, шунингдек, адвокатлик фаолиятининг юксак стандартларини таъминлаш бўйича бошқа функцияларни амалга оширадиган Этика комиссиясини тузиш;
адвокатура тизимида иш стажига кўра малака комиссияларининг хулосалари асосида Адвокатлар палатаси раиси томонидан бериладиган адвокатларнинг малака даражаларини таъсис этиш;
Адвокатлар палатаси фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги, шу жумладан унинг молиявий-иқтисодий фаолияти шаффофлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш;
гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатлик тузилмани автоматик равишда белгиловчи, бир адвокатнинг қайта-қайта жалб этилишига, учинчи шахсларнинг бу жараёнга аралашувига йўл қўймайдиган янгиланган тартиб ва мезонларни белгилаш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Адвокатлар палатаси билан келишган ҳолда уч ой муддатда:
адвокатлик мақомини олиш учун малака имтиҳони жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, шу жумладан зарур ҳужжатларни онлайн тартибда топшириш имкониятидан фойдаланиш, уларнинг рўйхатини мақбуллаштириш ва имтиҳон жараёнини Интернет тармоғида реал вақт режимида трансляция қилиш;
адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатишни (pro bono) ривожлантириш;
адвокатлар томонидан ўз ишонч билдирувчилари (ҳимоя остидагилари)га сифатли юридик ёрдам кўрсатиш учун хорижий давлатлар органларига сўров юбориш механизмларини жорий этиш бўйича чоралар кўрсин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан келишилиши шарт;
Адвокатлар палатаси раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича мажлисларида иштирок этиш ва уларга доир фикр билдириш ҳуқуқига эга;
адвокатларга нисбатан интизомий иш юритуви фақат тегишли малака комиссиялари ёки Олий малака комиссияси қарори билан қўзғатилиши мумкин.
8. Суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари адвокатлик фаолиятига ҳар қандай шаклларда, шу жумладан ишонч билдирувчи (ҳимоя остидаги) шахс билан учрашиш ҳуқуқини чеклаш орқали тўсқинлик қилишга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси айбдор мансабдор шахсларга, аввало, суриштирув ва дастлабки тергов органлари мансабдор шахсларига энг қатъий жавобгарлик чораларини кўрган ҳолда, адвокатлик фаолияти кафолатлари тўғрисидаги қонунларнинг сўзсиз ижро этилиши устидан прокурорлик назоратини кучайтирсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда:
адвокатлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатилишида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига оид амалиётни ўрганиш ва умумлаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда жиноий ва маъмурий иш юритиш, фуқаролик ва иқтисодий низоларни ҳал қилишда жисмоний ва юридик шахслар ҳимояга бўлган ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўяётган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрсин;
адвокатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатини вақти-вақти билан кўриб чиқсин ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича таҳлилий маълумотлар киритиб борсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик
ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2018 йил 12 май