Ўзбекистон Республикаси Президентининг
 
қ а р о р и

 

Республика ишлаб чиқариш-саноат тармоғи учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлашни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, олий техник таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Олмалиқ ТМК” АЖ, “Навоий КМК” ДК, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг (Россия Федерацияси) Олмалиқ шаҳрида (Тошкент вилояти) Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
республиканинг ишлаб чиқариш-саноат тармоғи учун муҳим илмий- технологик вазифаларни ҳал қилишга қодир юқори малакали муҳандис-техник кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;
металлургия, кончилик иши ва саноат ишлаб чиқаришнинг бошқа тармоқларида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш;
мутахассислар ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини таълим ва фаннинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига мажбурий интеграция ҳисобига ривожлантириш;
муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш-саноат фаолияти билан узвий интеграцияси учун шарт-шароитлар яратиш;
педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, педагогик технологияларни ва ўқитиш услубларини фаол такомиллаштириш;
таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Филиал Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг (кейинги ўринларда – “МИСиС” МТТУ) алоҳида таркибий бўлинмаси ҳамда кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда, таълимнинг келишилган асосий йўналиш(мутахассислик)лари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган олий таълим муассасаси ҳисобланади;
Филиалда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда “МИСиС” МТТУ томонидан тасдиқланган ўқув режалар ва дастурлар бўйича амалга оширилади;
абитуриентларни қабул қилиш ва Филиал битирувчиларининг аттестацияси “МИСиС” МТТУ томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;
Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган “МИСиС” МТТУнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.
4. Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий тадқиқот технологик университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиалида мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлашнинг асосий йўналиш(мутахассислик)лари 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
5. Филиалга текин фойдаланиш учун:
Навоий давлат кончилик институтининг Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳри, Амир Темур кўчаси, 56-уй манзилида жойлашган биноси;
2017/2018 ўқув йили якуни бўйича фаолияти тугатилаётган Олмалиқ саноат касб-ҳунар коллежининг Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳри, Амир Темур кўчасида жойлашган биноси берилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
“МИСиС” МТТУ ва “Олмалиқ ТМК” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда ўрнатилган тартибда Филиал таъсис ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши, келишилиши ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
бир ой муддатда “МИСиС” МТТУ билан Филиалнинг ташкилий тузилмасини келишсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;
2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан таъминласин.
7. Филиалга 2018/2019 ўқув йили учун таълимнинг кундузги шакли бўйича қабул квотаси жами 150 киши, жумладан, бакалавриатнинг “Кончилик иши” таълим йўналиши бўйича 75 киши, “Металлургия” таълим йўналиши бўйича 50 киши, “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (тармоқлар бўйича)” таълим йўналиши бўйича 25 киши этиб белгилансин.
8. “МИСиС” МТТУ:
ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этишга;
мутахассисларнинг малакасини оширишга ва Филиалнинг профессор-ўқитувчилари таркибини қайта тайёрлашга;
Филиалнинг кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан шакллантириш ва тўлдиришга кўмаклашиши маълумот учун қабул қилинсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Олмалиқ ТМК” АЖ, “Навоий КМК” ДК, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ, бошқа давлат
ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда ҳар йили юқори малакали кадрларни тайёрлашга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилсин ва унинг натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кейинги ўқув йилларида Филиалга таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича қабул қилинадиган талабалар сони юзасидан таклифлар киритиб борсин.
10. Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий тадқиқот технологик университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали Васийлик кенгашининг (кейинги ўринларда – Васийлик кенгаши) шахсий таркиби 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.
11. Белгилаб қўйилсинки:
а) Филиал фаолиятини молиялаштириш:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига талабаларни, лекин Филиалга таълим олиш учун қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 40 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳолда, давлат гранти асосида ўқитишга ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда мақсадли бадалларидан Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари;
халқаро молия институтлари грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
б) Филиални ташкил қилиш, унинг моддий-техник ва ўқув базасини шакллантириш бўйича ташкилий тадбирларни, жумладан, таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб боришни, бино ва иншоотларни зарур мебель, инвентарь, замонавий ўқув ҳамда лаборатория жиҳозлари, компьютер ва бошқа оргтехника, кутубхона фонди билан таъминлашни, шунингдек, “МИСиС” МТТУ мутахассисларини жалб қилиш билан боғлиқ хизмат сафари харажатларини, Филиал маҳаллий ўқитувчиларининг стажировкаси ва малакасини ошириш харажатларини молиялаштириш “Олмалиқ ТМК” АЖ маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
в) “МИСиС” МТТУдан Филиалга жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг хизмат сафари харажатларини тўлаш:
30 кунгача бўлган қисқа муддатли хизмат сафари бўйича – Россия Федерациясининг қонун ҳужжатлари билан олий ўқув юртлари ходимлари учун белгиланган нормаларга мувофиқ;
узоқ муддатли хизмат сафари бўйича – ўқув жараёни эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
12. Филиалга ўқитувчилик ва илмий ишлар учун таклиф қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчиларнинг яшаш ҳамда транспорт харажатларини тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича тўлашга рухсат берилсин.
13. Белгилаб қўйилсинки, Филиални сақлаш учун бюджет маблағлари 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижтимоий соҳа бўйича тасдиқланган харажатлар параметрлари доирасида ажратилади, 2019 йилдан бошлаб эса мазкур соҳанинг йиллик харажатлар параметрларида назарда тутилади.
14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Филиалга иккита автотранспорт воситасини, жумладан, битта хизмат ва битта навбатчи енгил автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3153-сон қарори билан тузилган, Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ филиалини ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита:
2018 йил 1 июлга қадар муддатда Филиалнинг бино ва иншоотлари реконструкция қилинишини, шунингдек, Филиал талаба ва ўқитувчилари яшаши учун ётоқхона тайёрланишини;
2018 йил 31 августга қадар муддатда Филиал жойлаштирилишини ва уни зарур мебель, инвентарь, замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер ва бошқа оргтехника, кутубхона фонди билан жиҳозланишини таъминласин.
16. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиал буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
17. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиал буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
18. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиал буюртмаларига биноан Филиални ташкил қилишда ва унинг фаолиятида иштирок этадиган малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
19. 2019 йил 1 январга қадар муддатда Филиални жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган замонавий ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиёт, инвентарь ва моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
20. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:
Олмалиқ саноат касб-ҳунар коллежи ходимларини ишга жойлаштириш;
Олмалиқ саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчилар контингентини яқин бўлган тегишли касб-ҳунар коллежларига йўналиш(касб)лар бўйича жойлаштириш орқали уларнинг келгусида таълим олишини таъминлаш чораларини кўрсин.
21. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
22. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Қ.В.Акмалов, А.С.Султонов, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов ҳамда “Олмалиқ ТМК” АЖ бошқаруви раиси А.Қ.Фармонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                            Ш.МИРЗИЁЕВ

 

 
Тошкент шаҳри,
2018 йил 11 май