Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясида расмий ташриф билан бўлиб турибди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Қозон шаҳрига келди.
Абдулла Тўқай номидаги халқаро аэропортда давлатимиз раҳбарини Россия Ҳукумати Раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва Татаристон Раиси Рустам Минниханов кутиб олди.
Россия Федерациясига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳридаги “Казань Экспо” марказида очилган Татаристон саноат салоҳияти кўргазмасига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбарига Россия Ҳукумати Раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва Татаристон Раиси Рустам Минниханов ҳамроҳлик қилди.
4 октябрь куни бу ерда учинчи Ўзбекистон – Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Президентимизга ушбу тадбир якунлари тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Давлатимиз раҳбари Татаристоннинг етакчи корхоналари саноат маҳсулотлари ва технологиялари билан танишди.
Кўргазма доирасида Россия Ҳукумати Раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашув бўлиб ўтди. Навбатдаги Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари форумида эришилган келишувларни, энг аввало, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Қозон Кремли” тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонасида бўлди.
Давлатимиз раҳбарига Татаристон Раиси Рустам Минниханов ҳамроҳлик қилди.
Қозондаги Кремль ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. У Қозоннинг энг қадимги қисми бўлиб, шаҳарнинг кўп асрлик тарихини ўзида мужассам этган меъморий, тарихий ва археологик ёдгорликлардан иборат.
Бу ерда Ўзбекистон Президенти «Қул Шариф» масжидини кириб кўрди. Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Камиль Самигуллин олий мартабали меҳмонга масжид тарихи ҳақида батафсил сўзлаб берди. Дуо ўқилди.
Масжид 1996-2005 йилларда Қозон хонлиги ҳудудида XVI асрнинг иккинчи ярмига қадар мавжуд бўлган жума масжиди ўрнида бунёд этилган ва Имом Қул Шариф номи билан аталган.
Давлатимиз раҳбари Қозон ва Татаристон митрополити Кирилл ҳамроҳлигида Благовешенск соборини ҳам кўздан кечирди. Қозон Кремли ҳудудидаги обидаларнинг энг қадимгиси бўлган ушбу иншоот XVI асрда бунёд этилган. Псков меъморчилик анъаналарининг ёрқин намунасидир.
Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига расмий ташриф доирасида Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари кейинги йилларда ўзаро ҳамкорликда юқори натижаларга эришилганини мамнуният билан қайд этди. Савдо ва инвестициялар ҳажми ошиб бормоқда. Тошкент вилоятида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки муваффақиятли фаолият олиб бормоқда, Жиззах вилоятида технопарк қурилиши давом этмоқда.
Кимё тармоғи ва машинасозликда йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жиззах шаҳрида Қозон федерал университетининг филиали ишламоқда.
Қозон шаҳрида ўтган учинчи Ўзбекистон – Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форумининг якунлари, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларида Россиянинг “Алабуга” ва “Мастер” технопарклари билан янги саноат паркларини ташкил этиш бўйича эришилган келишувлар қайд этилди.
Металларга ишлов бериш, ахборот-коммуникация, уй-жой коммунал соаҳаларида истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, таълим, туризм ва ёшларга оид сиёсатда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида муҳим йўналишлар бўйича амалий шериклик лойиҳаларини қўшма “йўл харита”лари асосида илгари суришга келишиб олинди.
Расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозондан Москвага келди.
Россия пойтахтининг “Внуково-2” аэропортида давлатимиз раҳбарини Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон ва Россия давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Тантанали кутиб олиш маросими бўлди.
Ташриф дастурига мувофиқ, 6 октябрь куни икки мамлакат етакчилари тор ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказадилар. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳар томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқиш режалаштирилган. Минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин билан ҳам музокара ўтказади.
ЎзА