Президент Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни профессионал таълим сифатини ошириш ҳамда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича янги ташаббуслар тақдимоти билан танишди.

Иқтисодиётни ривожлантиришда профессионал таълим алоҳида ўрин тутади. Хусусан, тараққий этган давлатларда ўқувчиларнинг 75 фоизигача касбий таълим билан қамраб олинган.

Мамлакатимизда ҳам бу соҳа меҳнат бозори талаблари асосида ривожлантириб келинмоқда. Ўрта бўғин мутахассислари, асосан, икки йўналишда – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги касб-ҳунар мактаблари ва техникумлар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига қарашли мономарказларда тайёрланмоқда.

Бугунги кунда 689 та профессионал таълим муассасасида 714 та касб ва мутахассислик ҳамда 20 та “Ишга марҳамат” мономарказида аҳолига 54 та касб ва 6 та хорижий тил ўргатилмоқда.

Ўқувчиларга бир вақтда ҳам ўқиш, ҳам ишлаб даромад топиш имконини берадиган “дуал таълим” шакли жорий этилди. Бу тизим самарасида 2 минг корхона билан биргаликда 6 минг йигит-қиз ўқитилмоқда. Шунингдек, ёшларга 9-синфдан кейин касб-ҳунар мактаби, 11-синфдан эса коллеж ва техникумда турли мутахассисликлар ўргатилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада муайян бўшлиқлар ҳам бор. Айрим таълим дастурлари ҳаёт талаби билан боғланмаган. Профессионал таълим мактаб ўқувчиларини ўзига жалб қила олмаяпти. Оқибатда мавжуд қувватлар тўла ишлатилмаяпти.

Мономарказлар ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаяпти. Битирувчиларга малака разряди бериш жорий этилмагани сабабли улар қўшимча имтиҳон топшираяпти. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан профессионал таълим ўртасида ҳамкорлик йўқ. Чет тилларини ўргатиш ва тасдиқловчи ҳужжат бериш бўйича ишлар етарли эмас.

Ушбу камчиликларни бартараф этиб, касбга ўқитиш сифатини ошириш мақсадида тегишли вазирликлар томонидан янги таклифлар ишлаб чиқилган. Тақдимотда мутасаддилар шу борада атрофлича ахборот берди.

Мазкур таклифларда хорижий таълим дастурларини жорий этиш, битирувчилар малакасининг ички ва ташқи бозорда тан олинишини таъминлаш, ўқувчиларни коллеж ва техникумларга кенгроқ жалб этиш, мономарказларда касбга ўқитиш сифатини яхшилаш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Давлатимиз раҳбари ушбу таклифларни такомиллаштириш бўйича қўшимча топшириқлар берди. Аҳоли бандлиги энг муҳим масала экани, ёшларга касб-ҳунарларни туманлар ихтисослашувидан ҳамда корхоналар эҳтиёжидан келиб чиқиб, аниқ йўналишлар бўйича ўргатиш кераклиги таъкидланди.

Касблар ва профессионал таълим классификаторларини босқичма-босқич янгилаб, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, профессионал таълим муассасаларини мактаб ва олий ўқув юртлари билан узвий боғлаш муҳимлиги айтилди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги барча касб-ҳунар таълими муассасаларини яхлит тизим сифатида мувофиқлаштириши белгиланди.

Келгуси ўқув йилидан ҳар бир вилоятда дунё тан олган дастур асосида касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилади. Уларнинг битирувчилари халқаро малака ва хорижий тил сертификатига эга бўлади. Шунингдек, илғор касбий таълим ва касбга ўқитиш сифатини таъминлаш мезонлари татбиқ этилади.

Мономарказларда касблар иш берувчиларнинг буюртмаси асосида ўқитилади, бу битирувчиларнинг ишга жойлашишида муҳим омил бўлади.

Мутасаддиларга профессионал таълим тизимини ривожлантиришнинг йилма-йил дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.