Жорий йилнинг 4-6 август кунлари Венгриянинг Будапешт шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича “Мастерс” туркумига кирувчи турнирда иқтидорли полвонимиз Музаффар Тўрабоев барча рақибини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. Дзюдочимизнинг бу ғалабаси мамлакатимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод вояга етаётганини бутун дунёга яна бир карра намоён этди.
Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилаётгани, чекка ҳудудларда ҳам замонавий спорт мажмуалари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фойдаланишга топширилаётгани навқирон авлод орасидан ана шундай иқтидорли спортчилар етишиб чиқишида муҳим омил бўлаётир.
Музаффар Тўрабоев 2000 йили Сурхондарёнинг Бойсун туманида таваллуд топган. Оиладаги муҳит Музаффарда болалигидан спортга қизиқиш уйғотди. У дастлаб отасидан кураш ва дзюдонинг сир асрорларини ўрганади ва 13 ёшидан пойтахтимиздаги Олимпия захиралари коллежига ўқишга киради. Бу ерда тажрибали мураббий Улуғбек Азизов қўл остида шуғуллана бошлайди. Шаҳар, вилоят ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда тобланган полвонимиз 2014 йилда Қарши шаҳрида ўтган турнирда ўзининг илк медалини қўлга киритади.
Дзюдочимиз шу кунга қадар ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги мамлакат чемпионатларида бир неча бор шоҳсупа тўридан жой олади ва келгусида бунданда катта марраларни забт этиш иштиёқида машғулотларни давом эттиради. Мутахассис ва мураббийлар Музаффар келгусида юқори марраларни забт этишидан умид қилади ва улар 2017 йили ёш полвонимизни терма жамоа сафига қўшади.
Терма жамоада ўз маҳоратини оширган М.Тўрабоев ўша йилнинг ўзида Чирчиқ шаҳрида ўтган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилигида, Бишкекда ўтган кадетлар ўртасидаги Осиё чемпионатида шоҳсупанинг учинчи ўрнидан жой олади.
2019 йили пойтахтимиз мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг 90 килограммгача вазнида барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритади. 2019-2020 йиллар давомида катталар ўртасида ўтган халқаро мусобақаларда иштирок этиб тажриба тўплайди. 2021 йили Грузиянинг Тбилиси шаҳрида ва Тошкентда ўтган “Катта дубулға” турнирларида, Бишкек шаҳри мезбонлик қилган Осиё ва Океания чемпионатида бронза медаллари соҳибига айланади.
2022 йил спортчи учун энг омадли ва натижадор йил бўлди. У февраль ойида Париж шаҳрида ўтган Гран-при турнирда бронза медалига сазовор бўлган бўлса, августда Туркия мезбонлик қилга Ислом бирдамлик ўйинларида олтин медални делегациямиз ҳисобига қўшиб қўяди. Бу ғалабалар ортидан Музаффарнинг ўзига бўлган ишончи янада ортади ва октябрь ойида пойтахтимиз мезбонилигида ўтган жаҳон чемпионатининг 100 килограммгача вазн тоифасида иштирок этади. У мусобақанинг ҳал қилувчи финал жангида канадалик Кайл Рейсни мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионига айланади.
Жорий йилда ҳам у турли мусобақаларда иштирок этиб, келгуси мусобақалар учун тайёргарлик кўрди. Август ойининг дастлабки кунларида Венгриянинг Будапешт шаҳрида дзюдо бўйича “Мастерс” туркумига кирувчи халқаро турнирда истеъдодли спортчимиз Музаффар Тўрабоев 100 килограммгача вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлди. У мазкур медални қўлга киритгунга қадар икки карра Олимпиада ва жаҳон чемпиони Лукаш Крпалек(Чехия), Шейди Элнахас (Канада), Михаэл Коррел (Нидерландия), Боян Досен (Сербия) ва Петер Палтчик (Исроил) каби спортчиларни мағлуб этди.
Эътиборлиси, йилда бир марта ўтказиладиган “Мастерс” мусобақасида ҳамюртларимиздан сўнгги бор маҳоратли дзюдочимиз Ришод Собиров 2011 йили ушбу турнирнинг олтин медалини қўлга киритган эди. Орадан 12 йил ўтиб, бу маррани дзюдочиларимиз орасида Музаффар забт этди.
– Мусобақаларда ғалаба қозонишимда халқимизнинг менга бўлган ишончи, мураббийларимнинг маслаҳати ва қўллаб-қувватлаши асосий омил бўлди. Келгусида бунданда юқори натижаларга эришиб, Ватанимиз шарафини янада юксалтиришда бор кучим ва маҳоратимни ишга соламан, – дейди М.Тўрабоев. – Тўғрисини айтсам, “Мастерс” турнирида 12 йиллик тарихни такрорлаганимни ғалаба қозониб, шоҳсупага кўтарилганимдан сўнг билдим. Бундан хабарим йўқ эди.
Халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаётганимдан фаҳрланаман. Умид қиламанки, Осиё ўйинларида ҳам шоҳсупа тўридан жой оламан.
Музаффар Тўрабоев айни кунларда Самарқанд шаҳрида терма жамоамиз сафида навбатдаги мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Тинимсиз меҳнат, ғалабалардан ҳаволанмай, яна машғулотларга зўр бериш ҳақиқий чемпионларга хосдир. Умид қиламизки, дзюдочимиз Осиё ва Олимпия ўйинларида ҳам мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА мухбири