Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва жорий йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори банклар фаолиятини бугунги кун талаби даражасида ташкил этишда кенг имкониятлар яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Халқ банкида оммавий ахборот воситаларининг банк мавзуини ёритадиган журналистлари малакасини оширишга қаратилган семинар мазкур ҳужжатлар ижросига бағишланди.
Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир янги иқтисодий шароитда мамлакатимиз банк тизими олдига қўйилган вазифалар, пул-кредит сиёсатининг олиб борилиши, валюта бозорини эркинлаштириш, банк тизимининг ривожланиш тенденциялари каби масалалар мазмун-моҳияти ҳақида билим ва тушунча беришга қаратилди.
– Семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда тижорат банкларининг функционал вазифалари, Халқ банки фаолиятининг асосий мақсадлари ҳақида қизиқарли маърузалар тингладик, – деди «Қишлоқ ҳаёти» газетаси мухбири Дилором Комилжонова. – Масалан, Марказий банк ваколатлари ва фаолиятининг асосий принциплари ҳамда Халқ банкининг Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида аҳоли ишончини мустаҳкамлаш учун замонавий банк хизматларини кўрсатиш борасида ижобий ишларни амалга ошириб келаётгани ҳақида маълумотларга эга бўлдик.
Қайд этилганидек, Халқ банки томонидан кейинги йилларда “Интернет банкинг” ва “Мобиль банкинг” тизимлари жорий этилгани молия муассасаси фаолияти самарадорлигини ошириш билан бирга, мижоз учун ҳам қўшимча қулайлик яратмоқда. Мисол учун, мижоз ўз ҳисобварағи бўйича амалларни банкка бормасдан, хоҳлаган жойда туриб, истаган вақтда интернет орқали бажариши, яъни ҳисобварағидаги маблағларни ўтказиш, уларнинг ҳолати, маблағнинг келиб тушиши, тўловларнинг акс этишига доир маълумотларни олиши мумкин. Шунингдек, мазкур банк замонавий ахборот технологияларини қўллаб-қуватлаш ҳамда мижозларга кенг кўламдаги хизматларни тақдим этиш мақсадида жисмоний шахслар учун “Xalq Mobile” мобиль банкинг иловасини ишлаб чиққан.
Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.