Аввал хабар қилинганидек, мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги жамоалари жорий йилнинг апрель ойидан сентябрь ойига қадар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар армиялари ўртасида бўлиб ўтадиган турли мусобақаларда қатнашмоқда. Вазирлик матбуот хизматидан маълум қилишича, ҳарбийларимиз ҳарбий-спорт турлари бўйича “Қўмондонлар стартлари”да фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоасини подполковник Баҳодир Тўхтаназаров, подполковник Зокир Хозиев, майор Мадиёр Саидов, майор Шерзод Рашидов, капитан Аваз Усмонов, капитан Бахтиёр Мадаминов, капитан Одилбек Юлдошев ва капитан Ҳусниддин Элмуродов таништирди.

Москва шаҳрининг ЦСКА спорт мажмуасида бўлиб ўтган “Қўмондонлар стартлари”да Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Ўзбекистон жамоалари иштирок этди. Ҳарбий спортчилар 4х400 метрга югуриш эстафетаси ҳамда сузиш, милтиқдан ўқ отиш, турникда тортилиш ва 1000, 2000, 3000 метр масофага югуришдан иборат тўрткураш бўйича баҳслашди.

2000 метр масофага югуриш бўйича 6,04 дақиқа натижа билан спортчимиз майор М.Саидов ғолиб бўлди, иккинчи ўрин россиялик спортчи, учинчи ўрин яна бир спортчимиз – капитан Б.Мадаминовга насиб этди.

Эстафетада юртимиз жамоаси Беларусь терма жамоаси вакилларидан 2 сония орқада қолиб, россиялик спортчиларни ортда қолдирган ҳолда иккинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон жамоаси тўрткураш бўйича ҳам иккинчи ўринни эгаллади, шахсий биринчиликда эса бригада қўмондонлари ўртасида подполковник З.Хозиев, батальон қўмондонлари ўртасида М.Саидов ва взвод қўмондонлари ўртасида капитан А.Усмонов учинчи ўринни эгаллади.

Ҳарбий спортчиларимиз жами битта олтин, 14 кумуш ва 5 бронза медални қўлга киритди. Умумжамоа ҳисобида биринчи ўрин Россия, иккинчи ўрин Ўзбекистон ва учинчи ўрин Беларусга насиб этди.

Октябрь ойида Россия Федерациясида манзилни топиш ва тоғ учкураши мусобақалари, июнь ойида Беларусда кўпкураш мусобақалари, август ойида Қирғизистонда офицерлар ўртасида учкураш ҳамда штатли қуролдан отиш мусобақалари ўтказилиши режалаштирилган.

 

Аблай Камолов, ЎзА