“Ошиқлар шаҳри” ёки “Оқ мармарли шаҳар”

Журналист касбини танлаб хато қилмадим, деб ўйлайман. Шу касб орқали бир қатор хорижий давлатларда бўлиш насиб қилди. Туркманистон пойтахти бўлмиш Ашхабод мен ташриф бурган 17-чи хорижий шаҳар бўлди.
“Ошиқлар шаҳри” деган маънони англатувчи Ашхабодни бир сўз билан таърифлайдиган бўлсак, “Оқ мармарли шаҳар”, десак тўғри бўлади. 1881 йилда асос солинган Ашхабод Эрон билан чегарадан 25 километр Шимолда жойлашган. Расмий статистикага қараганда, шаҳарда 1 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади.
14.jpg
Бугунги кунда Ашхабод нафақат Туркманистон пойтахти, балки мамлакатнинг саноат, илм-фан, маданият маркази ва минтақадаги энг гўзал шаҳарлардан бири сифатида тан олинади. Шаҳардаги биноларнинг ранги фақат оқ бўлиб, асосан 12 қаватли. Биринчи қаватида савдо дўконлари, турли тадбирлар ўтказиладиган кошоналар жойлашган. Бизларга айтишларича, Ашхабод бир неча бор (масалан, оқ мармарли биноларининг сони бўйича) Гиннеснинг рекодлар китобига киритилган. Бу китобга Ашхабод халқаро аэропорти ҳам кирган.
10.jpg
“Ўғузхон ва унинг ўғиллари” деб номланган фавворалар мажмуаси халқаро аэропорт яқинида бўлиб, Гиннеcнинг рекордлар китобига киритилган.
11.JPG
Шаҳар кўчалари ва йўллари алоҳида мавзу. Йўллар кенг ва равон. Пиёдалар учун ер ости ва ер усти йўлаклари қурилган. Бир сўз билан айтганда, Ашхабодда йўл транспорт ҳодисаси юз беришига бирор бир сабаб йўқ. Жамоат транспорти ҳақида гапирадиган бўлсак, шаҳарда трамвай, троллейбуслар йўқ (тролейбус 1964 йилнинг октябридан 2011 йилнинг 31 декабрига қадар қатнаганини айтишди). Автобуслар қатнайди, холос. Фақат оқ рангли Mercedes-Benz ва Hyundai русумли автобусларни кўрдик.
13.jpg
Бекатлари бир бирига ўхшамайди. Иложи борича ҳар бир бекат телевизор билан жиҳозланган. Транспорт тирбандлигига барҳам бериш мақсадида 2008 йилда Ашхабодда халқа йўли қурилиши бошланди.
12.jpg
Менга Ашхабоднинг яна бир нарсаси ёқди. У ҳам бўлса парк ва хиёбонларининг кўплиги. Ям-яшил дарахтлар шаҳарга ўзгача кўрк бериб турибди.
15.jpg
Шаҳар четида гольф майдони қурилган.
18.jpg
Туркманистонда еттита телеканал – “Олтин аср”, “Туркманистон”, “Ёшлар”, “Ашхабод”, “Мерос”, “Туркман спорти”, мусиқий “Туркман овози” фаолият юритади. “Туркманистон” телеканали кўрсатувлари фақат инглиз тилида намойиш этилади.
19.jpg
Туркманлар Ахалтека оти (Ahal-teke aty) билан фаҳрланишади. 5000 йиллик тарихга эга бу от фаҳрланишга арзийди.
Ахалтека зоти бошқа отлардан ташқи кўриниши билан ажралиб туради. Шунингдек, бу от зоти ўзининг мағрурлиги билан бошқа отлардан фарқ қилади.
17.jpg
Шу сабабли ҳам ахалтека отига алоҳида эътибор қаратилади. От ўз хўжайинига садоқатли экани тан олинади. Отнинг номи Ахал воҳасида истиқомат қилувчи туркманларнинг теке қабиласи номидан келиб чиққан. Ахалтека оти Туркманистон давлат гербида, пул белгиларида, почта маркаларида ҳам ўз аксини топган.
Ахалтека оти “ҳукмдорлар оти” дея тан олинган. Туркманистон раҳбарлари энг ҳурматли меҳмонларга ахалтека зотли отни совға қилишган. Бу зотли от совға қилинган Ф.Миттеран, Д.Мейджор, Б.Ельцин, В.Путинлар қаторида Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳам борлигини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак.
Шарофиддин Тўлаганов