Шаҳрисабзда кураш байрами

Шаҳрисабзда кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишланган VII халқаро турнир бошланди. 
Турнирнинг тантанали очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Исроилов, Кураш халқаро ассоциацияси асосчи раиси К.Юсупов миллий қадриятимиз кураш бугун дунёнинг барча минтақасида жадал ривожланиб, нуфузи юксалиб бораётганини таъкидлади.
photo5393125004511652052.jpg
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 октябрдаги “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз ва халқаро миқёсида янада ривожлантириш ва оммалаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қатор мамлакатларда кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, нуфузли турнирлар мунтазам ўтказилаётгани, 2007-2008 йилларда Макао ва Вьетнамда ўтган II ва III Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида, 2009 йили Таиландда Жанговар яккакурашлар бўйича I Осиё ўйинларида, 2014 ва 2016 йилларда Таиланд ва Вьетнамда ўтган Осиё соҳил ўйинларида, 2013 йили Жанубий Кореяда ва 2017 йили Туркманистонда ўтказилган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинларида кураш бўйича мусобақалар бўлиб ўтгани, 2018 йили Индонезияда бўладиган ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилгани ҳеч муболағасиз унинг келажак спорти сифатида Олимпия ўйинлари дастуридан жой олишига ишонч бағишлайди.
photo5393125004511652053.jpg
“Ҳисор” марказий стадионида ўтказилаётган нуфузли турнирда дунёнинг 30 га яқин мамлакатдан уч юзга яқин курашчи ғолиблик учун беллашмоқда. Мусобақа эркаклар ўртасида тўртта, аёллар ўртасида иккита вазн тоифасида ўтказилмоқда. Халқаро турнирнинг умумий соврин жамғармаси 50 минг АҚШ долларини ташкил этади. Мутлақ вазн тоифасида мусобақа ғолиблигини қўлга киритган курашчи Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10 минг АҚШ доллари билан мукофотланади.
photo5393125004511652069.jpg
– Бу йилги мусобақа дунёнинг кучли полвонларини Шаҳрисабзга жам қилганига гувоҳ бўляпмиз. Бу беллашувлар қизғин ва шиддатли бўлишидан далолатдир, – дейди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Шуҳрат Арслонов. – Бугун кураш бутун дунё спортига айлангани бизларни қувонтиради.
photo5393125004511652061.jpg
photo5393125004511652062.jpg
photo5393125004511652066.jpg
photo5393125004511652059.jpg
Мусобақа ҳақида батафсил маълумот олиш учун сайтимизни кузатиб боринг.

 

Байрам Айтмуродов, Муҳаммад Амин (сурат) ЎзА