Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 18 апрель куни Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва билан учрашди.
Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Сеул шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарларининг саммити самарали бўлганини таъкидлади. Музокаралар доирасида давлат раҳбарлари қабул қилган Қўшма баёнот ижросини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда имзоланган 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ келишувларни тўлиқ рўёбга чиқариш икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳадаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши қайд этилди.
Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди. Томонлар минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Кан Гён Хва Корея ярим оролидаги вазиятни юмшатиш, ушбу мақсадда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони Корея Республикасининг ярим оролда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Жорий йилнинг апрель ойида ўтадиган кореялараро саммит якуни бўйича эришиладиган натижалар минтақа мамлакатларининг янада ривожланиши, фаровонлиги учун қулай шароит яратишига ишонч билдирди.