Манзил-колониялар – жазони ижро этиш тизимида маҳкумларни сақлаш шароитлари енгиллаштирилган муассасалардир. Бу ерга ўтказилган маҳкумлар нисбатан эркин бўлади, бироқ уларнинг муассасани ўзбошимчалик билан тарк этиши мумкин эмас.

Лекин амалда уларнинг жазони ўташ жойларини ўзбошимчалик билан тарк этиш ҳолатлари содир этилмоқда. Бунга бундай ҳолатлар учун маҳкумларга қатъий жазо чоралари белгиланмагани сабаб бўлмоқда.

Ачинарлиси, манзил-колониясига ўтказилган оғир ва ўта оғир жиноят содир этган маҳкумлар томонидан жазони ўташ даврида бир  қатор оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни қайта содир этиш ҳолатлари кузатилган.

Биргина 2021 йилда манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган 15 нафар маҳкум томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилган бўлса, 2022 йилда 77 нафар маҳкум томонидан шундай турдаги жиноят содир этилган.

Шунингдек, қонунчиликда сақлаш режимини ашаддий бузишнинг оқибатлари ҳамда меҳнатдан бўйин товлаган деб топишнинг аниқ мезонлари белгиланмагани маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигига таъсир қилмоқда.

Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг  Жиноят ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида юқоридаги фикрлар қайд этилди.

Қонун нафақат мавжуд муаммоларни бартараф этиш, балки жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя этишга қаратилган.

Эндиликда жазони ижро этиш муассасаси ҳудудини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган маҳкумларни сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топиш учун асос бўладиган 24 соатлик муддат 12 соатгача қисқартирилиб, жазони ўташ тартибини бузганлик учун навбатдаги учрашувдан маҳрум этиш тарзидаги жазо чораси белгиланмоқда.

Жиноят-ижроия кодекси 112-1-модда билан  тўлдирилиб, унга кўра сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларга нисбатан манзил-колониядан умумий тартибли колонияга, умумий, қаттиқ ёки махсус тартибли колониялардан турмага ўтказиш тўғрисида, шунингдек, манзил-колониядан умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга, қаттиқ тартибли колониядан махсус тартибли колонияга, колониялардан турмага қайтариш тўғрисида судга тақдимнома киритилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, манзил-колонияда жазони ўташ даврида сақлаш режимини ашаддий бузганлик учун умумий тартибли колонияга ўтказилган ҳамда умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга қайтарилган маҳкумлар, бу ҳақда суд ажрими чиққан кундан бошлаб камида икки йил мобайнида, шунингдек, манзил-колонияда жазони ўташ даврида жиноят содир этиб, суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган маҳкумлар манзил-колонияга ўтказилмаслиги белгиланмоқда.

Эндиликда маҳкумларни манзил-колонияга ўтказиш муддатлари узайтирилади, яъни оғир жиноятлар учун – жазонинг камида учдан бир қисмини, ўта оғир жиноят учун камида ярмини ўтаганидан сўнг маҳкумлар манзил-колонияга ўтказилиши мумкин. Маҳкумларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш – оғир жиноятлар учун жазонинг камида учдан икки қисмини ўтаганидан сўнг, ўта оғир жиноятлар учун эса камида тўртдан уч қисмини ўтаганидан сўнг қўлланилиши белгиланмоқда.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА