Давлат хизматларини кўрсатишда жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурати юзага келмоқда.
Бу фикрлар Сенат ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун муҳокамаси жараёнида қайд этилди.
Мазкур қонун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини тез фурсатларда кўриб чиқилишини таъминлашга қаратилган.
Қонун билан давлат божи ставкаларининг миқдорларига қўшимча киритилмоқда. Жумладан, фуқаролар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилганда белгиланган давлат божи ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлаши белгиланмоқда.
Бунда қолган қисми белгиланган тартибда ишни кўриш натижаси билан ундирилади.
Сенаторларнинг таъкидлашича, таклиф этилаётган норма фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилиниши ҳамда уларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
ЎзА