Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда кўп қаватли уй-жой қурилиши кескин ошди. Минг-минглаб инсонлар уй-жойли бўлди. Бу яхши, албатта. Бироқ, ноқонуний қурилиш қилаётган тадбиркорлар ва янги кўп квартирали уй қураман деб фуқаролар ишончига кириб, алдов йўли билан уларнинг пулини олишни мақсад қилганлар ҳам тез-тез учрамоқда. Айниқса, қурилиши ҳали битмаган ёки умуман бошланмаган уйлардан квартира сотиб олаётган фуқаролар фирибгарлар тузоғига тушмоқда.
Аслида қурилиши ҳали тугалланмаган ёки умуман бошланмаган уйлардан сотиб олишда нималарга эътибор бериш керак?
Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистонда улуш киритиш асосидаги уй-жой қурилишлари кўпайиб боряпти. Бу борада харидорлар билиши керак бўлган айрим нозик жиҳатлар бор.
Уй сотиб олаётган фуқаро уйни Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг электрон платформасидан рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлигини текшириши керак. Бунинг учун фуқаро https://mc.uz/ulushdor/ ҳаволаси орқали қурилаётган уйнинг рўйхатдан ўтганлигини текшириши лозим. Бу ҳавола орқали ҳамма учун очиқ бўлган мажмуа ва қурувчи ташкилот номи манзили ҳамда бошқа маълумотларни олиши мумкин.
Қурилиш ташкилоти қурилаётган уйнинг маълумотларини электрон тартибда платформага юклайди ва ваколатли органнинг масъул ходими маълумотларни кўриб чиқади. 3 иш кунида рўйхатдан ўтказилади. Агар барча ҳужжатлари тўлиқ бўлса, бир кунда кўриб чиқилиб, рўйхатдан ўтказиш имкони мавжуд.
Бунда қурувчининг қарорда белгиланган тартибда қурилишни бошлашига асос бўлувчи ва бешта талабга жавоб бериши керак бўлган ҳужжатлари жойлаштирилади.
Электрон платформа кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш бозорини тартибга солиш, уй харид қилаётган фуқароларни максимал даражада рисклардан ҳимоялаш мақсадида ишга туширилган. Рўйхатдан ўтган қурилиш ташкилотлари юқорида кўрсатилган талабларга асосан қурилиш жараёнини олиб бораётган бўлади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, фуқаролар маблағлари қурилиш ишларига жалб қилаётган қурилиш ташкилотлари электрон платформа рўйхатидан ўтиши шарт. Рўйхатдан ўтмасдан туриб қурилиш ишларига фуқароларнинг маблағларини жалб қилиш мумкин эмас. Электрон платформадан рўйхатдан ўтмаган қурилиш ташкилотлари, ўзлари қураётган кўп қаватли турар-жой мажмуасини реклама қилиши ҳамда улушдорнинг маблағларини қурилишга жалб қилиши мумкин эмас.
Қурилиш ишлари тугалланган уйлар эгаларига топширилгандан кейин камида 2 йил давомида қурилиш объекти эксплуатациясининг кафолат муддатини амалга ошириб бориши лозим.
Улушдор фуқаролар қурилиш объектидаги қурилиш ишлари ҳолати билан танишиш, шартнома шартлари бажарилиши бўйича қурувчидан ёзма шаклда маълумот талаб қилиш, қурилиш объектларини қуриш устидан техник, шунингдек, маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан назоратни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик шахсларни ёки мутахассисларни жалб қилиш орқали амалга оширишга ҳақлидир.
Қурилиш устидан давлат назорати Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан амалга ошириб борилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА