Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти селекционер олимлари томонидан илк бор аччиқ қалампирнинг иссиқхонада етиштиришга ва маҳаллий тупроқ иқлим шароитига мос “Шарқ гавҳари” нави ихтиро қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, аччиқ қалампирнинг янги нави мамлакатимизда иссиқхонада етиштиришга мослаштирилган илк маҳаллий нав ҳисобланади. Ушбу нав ўртапишар бўлиб, унинг вегетация даври 123-125 кунни ташкил этади.
“Шарқ гавҳари”нинг кўриниши бошқа қалампирлардан деярли фарқ қилмайди. Унинг тупи ярим йиғиқ, штамбли, ўртача баргланувчан, баланд бўйлидир. Меваси конуссимон кўринишда, ўртача ҳажмда, юзаси текис, техник етилганда яшил, биологик етилганда қизил бўлади. Этининг қалинлиги 1,6-2,0 мм, таъми эса аччиқ. Бир тупдан 45-50 та мева олинади.
Ушбу қалампирнинг ҳосилдорлиги гектарига 24-25,5 тоннага тенг.
ЎзА