Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналарида (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) корпоратив бошқарувни жорий этиш, уларнинг операцион самарадорлигини ошириш ва очиқлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттириш, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарнинг бозор механизмларига ўтишини жадаллаштириш мақсадида:

1. 2023-2025 йилларда ислоҳ қилинадиган ва операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги йирик корхоналар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигига (кейинги ўринларда – Стратегик ислоҳотлар агентлиги) мазкур корхоналарни ислоҳ қилиш вазифаси юклансин.

2. Белгилансинки:

Стратегик ислоҳотлар агентлиги “UzAssets” инвестиция компанияси” АЖ (кейинги ўринларда – “UzAssets” инвестиция компанияси) ва мазкур қарорга иловада кўрсатилган давлат иштирокидаги корхоналарда давлат акция пакети (улуши) бўйича акциядор (иштирокчи) функциясини амалга оширади;

мазкур қарорга иловада кўрсатилган давлат иштирокидаги корхоналар устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) “UzAssets” инвестиция компаниясига бошқарувга берилади;

“UzAssets” инвестиция компанияси томонидан унга бошқарувга берилган корхоналарнинг ижроия органи ва кузатув кенгаши аъзоларини тайинлаш ҳамда соф фойдани тақсимлаш масалалари юзасидан қарорлар белгиланган тартибда келишилган ҳолда қабул қилинади;

“UzAssets” инвестиция компанияси томонидан халқаро консалтинг, аудиторлик ва инвестиция маслаҳатчилари, инвестиция банклари ва бошқа ихтисослашган компанияларни жалб этиш энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида амалга оширилади. Бунда, улар билан тузиладиган шартномаларни экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди;

давлат хизматчилари давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши таркибига киритилиши мумкин, ушбу корхоналар фаолиятини лицензиялаш, тартибга солиш ва уларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш вазифалари юкланган давлат органларининг ходимлари (давлат органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларидан ташқари) бундан мустасно;

бошқариладиган инвестиция активлари ўртача йиллик қийматининг камида 5 фоизи миқдорида ўз моддий активларига эга бўлиш тўғрисидаги талаб “UzAssets” инвестиция компаниясига нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Стратегик ислоҳотлар агентлигининг “UzAssets” инвестиция компаниясига қуйидаги қўшимча вазифаларни юклаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик корхоналарни ислоҳ қилиш, шу жумладан, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш ҳамда хусусий секторни жалб қилиш;

корхоналарнинг рентабеллиги ва операцион самарадорлигини ошириш, молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнес-жараёнларни оптималлаштириш;

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг корпоратив бошқарув бўйича тавсияларини жорий этиш орқали ўзига бошқарувга берилган корхоналарнинг самарали бошқарилишини ва барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда уларнинг қийматини ва инвестицион жозибадорлигини ошириш;

ўзига бошқарувга берилган корхоналарнинг ижроия органи ва кузатув кенгашига маҳаллий ҳамда хорижий малакали менежерларни жалб қилиш.

4. Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва “UzAssets” инвестиция компаниясининг давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ва бошқариш билан боғлиқ харажатларини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

мазкур қарорга иловада келтирилган давлат иштирокидаги корхоналар томонидан давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендлар (бундан қонун ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказиладиган қисми мустасно);

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Давлат активларини бошқариш агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар икки ҳафта муддатда мазкур қарорда назарда тутилган ўзларига тегишли акция пакетлари (улушлари) Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтказилишини таъминласин.

6. Стратегик ислоҳотлар агентлиги (Ш.Вафаев):

а) бир ой муддатда:

“UzAssets” инвестиция компанияси ташкилий тузилмаси ва ички корпоратив ҳужжатларини тасдиқласин, ижроия органи ва кузатув кенгаши таркибини шакллантирсин;

“UzAssets” инвестиция компанияси томонидан унга бошқарувга берилган ҳар бир корхонага консультантлар жалб қилинишини таъминласин ва корхоналарни ислоҳ қилиш графигини тасдиқласин;

Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин;

б) икки ой муддатда “UzAssets” инвестиция компаниясининг самарадорлик муҳим кўрсаткичларини назарда тутган ҳолда, унинг бизнес-режасини тасдиқласин;

в) 2023 йил 1 июлга қадар “UzAssets” инвестиция компанияси томонидан унга бошқарувга берилган корхоналарнинг бизнес-режалари қайта кўриб чиқилишини таъминласин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                                                                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2023 йил 1 март