1 март атоқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов таваллуд топган кун.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги «Адиблар хиёбони»да О.Шарафиддинов хотирасини эъзозлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Иштирокчилар дастлаб Озод Шарафиддинов ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, атоқли адабиётшунос олим Наим Каримов, олимнинг фарзанди Алишер Шарафиддинов мамлакатимизда адабиёт ривожига муносиб ҳисса қўшган устозлар хотирасини ардоқлаш доимий эътиборда эканини таъкидлади.
Манбаларга кўра, Озод Шарафиддинов ўтган асрнинг 60-йилларидан адабиётшунос сифатида танилган. «Замон. Қалб. Поэзия» (1962) китобида адабий асарларни бадиийлик қонуниятлари нуқтаи назаридан тадқиқ этган. Унинг тадқиқотлари адабиётни миллий ғоялар ва адабий қонуниятлар асосида таҳлил қилишга бағишланган.
«Адабий этюдлар» (1968) китобида ижодкор шахси ва унинг бадиий асардаги ўрни масалалари талқин қилинган. «Яловбардорлар» (1974), «Истеъдод жилолари» (1976) тўпламларига киритилган илмий мақолалари адабий ижоддаги анъаналар, мумтоз адабиётни ўрганиш воситалари ва жаҳон адабиётини ўрганишга бағишланган.
Озод Шарафиддинов ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигида миллий ва жаҳон адабиёти анъаналарини уйғун қабул қилиш тамойилларини бошлаб берди.
Шу билан бирга Озод Шарафиддинов миллий адабиётни шакллантириш муаммолари, ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигини қайта қуриш, жаҳон адабиёти анъаналарини ўзлаштириш, таржима санъатини юксалтиришни тадқиқ этишга ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Маърифий тадбирда устоз Озод Шарафиддинов ҳаёти, фаолияти, илмий изланишларининг ўзига хос жиҳатлари хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,
ЎзА