Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинди. Унда адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш борасида қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиши белгиланди.

– жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувларини эшитиб туриш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш;

– жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш;

– адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш талабини бекор қилиш.

Масъулларга мазкур масалалар бўйича тегишли қонунлар лойиҳаларини Давлат дастурида белгиланган муддатларда ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

 

ЎзА