«Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинлари олдидан Осиё от спорти федерациясининг келгуси йилги Бош Ассамблея йиғилиши Тошкентда ўтказилади. Бу ҳақда Қатарда бўлиб ўтган ташкилот йиғилишида эълон қилинди.

Ташкилотга аъзо 35 мамлакат миллий федерациялари иштирокида кечган анжуманда жорий йил Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари ва «Париж-2024» Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш, ушбу мусобақаларга отларни хавфсиз юбориш каби масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Ғозиев ҳамда федерация бош котиби Нодир Ибрагимов иштирок этган сайловда Уммон, Қувайт ва Ўзбекистон мамлакатлари келгуси Бош Ассамблея мезбонлиги учун рақобатлашди.

Овоз беришда делегатлар спортнинг ушбу турида халқаро майдонда эришилаётган натижалар, сўнгги даврда нуфузли халқаро тадбирларнинг юқори савияда ўтказилаётганини инобатга олиб, Бош Ассамблея мезбонлигини Тошкентга тақдим этди.

Осиё от спорти федерациясининг келгуси Бош Ассамблеясида ташкилот президенти ва унинг ўринбосари лавозимларига сайлов бўлиб ўтади.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА