Самарқандда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида умумжамоа ҳисобида қизлар ўртасида Қашқадарё вакиллари 1-ўринни эгаллаган бўлса, ўғил болалар ўртасида Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази тарбияланувчилари энг кўп медалларга эга чиқди.

Муросасиз баҳслар сарҳисобига кўра, 17 ёшгача бўлган оғир атлетикачилар орасида Ўзбекистоннинг рекордлари янгиланди.

40 килограммли қизлар баҳсида қашқадарёлик Муниса Одилова даст ва силтаб кўтаришда ҳам, икки кураш натижасига кўра ҳам биринчи ўринни эгаллади. Силтаб кўтаришда 62 килограмм тошни бўйсундириб, янги Ўзбекистон рекордини ўрнатди.

40 килограмм вазнда ўтган йилги рекорд бухоролик Сарвиноз Кўпайсиновага тегишли эди. Бу гал унинг 60 кг. кўрсаткичини Муниса икки килога яхшилашга эришди.

Шунингдек, 81 килограмм оғирликда супачага чиққан андижонлик Лола Абдурашидова умумий ҳолатда етакчиликни қўлга киритиб, силтаб кўтаришда 105 кило, икки кураш натижасида 190 килограмм тошни кўтарди. Ушбу оғирликда ўтган йили бухоролик Ҳушноза Холиқовага тегишли рекордларни янгилади.

Чемпионатда қатнашган ўсмирлар ўртасида жаҳон ва қитъа чемпионатлари совриндори Диёр Эрматов 89 килограммда ҳамон етакчи эканлигини намойиш қилди. У 137/165/302 кўрсаткич билан таъқибчиларини 10 килограмм ҳолатида ортда қолдирди. Ўсмирлар ўртасида ўтган йилги Осиё чемпиони, сурхондарёлик Мадина Файзуллаева ҳам чемпионлик йўлида собитлигини исботлади.

Шиддатли ва муросасиз баҳслар натижасида ўғил болалардан Жавлонбек Мирҳокимов, Асадбек Фазлиддинов, Акбар Бегматов, Ботир Парахатов, Уматилла Рустамбеков, қизлардан Зулфия Рамазонова, Чарос Ўролова, Шаҳноза Жабборова, Маржона Абдумуталова, Райҳона Нурниёзова, Мадина Файзуллаева, Мадонна Каримова ҳам ғолиблик шоҳсупасидан жой олди. Айнан ушбу ўсмирлар орасидан сараланганлар жорий йил март ойида Албанияда ўтадиган Жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Спортчиларнинг кўрсаткичларига кўра, ўғил болалар орасида умумжамоада совринли ўринлар Хоразм ва Самарқанд вакилларига, қизлар ўртасида эса Хоразм ва Навоий жамоаларига тегишли бўлди.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА