Бугунги кунда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ахборот коммуникация технологияларини жадал ривожлантириш, АКТдан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, соҳа билан машғул ёшлар контингентини кўпайтириш долзарб аҳамият касб этади.

Боиси, АКТ соҳасида бошланган ислоҳотлар жараёнида тўхташ ёки узилиш қилиб бўлмайди. Бу борадаги узлуксизликни таъминлашда эса хориж тажрибасини чуқур ўрганиш, энг илғорларини маҳаллий кадрлар тайёрлаш тизимига татбиқ этиш долзарб ҳисобланади. Шу сабабли, ёшларнинг АКТ йўналишига қизиқишларини инобатга олиб, Тошкент ахборот технологиялари университетида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб янги Рақамли иқтисодиёт бакалавр таълим йўналиши ҳамда 8 та янги магистратура мутахассислиги очилди.

Шу билан бирга, IT-стартапларга кўмак бериш ва АКТ соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий олий таълим муассасалари қошида IT-Инкубация марказлари ташкил этиб келинмоқда. Ахборот технологиялари соҳасига бундай катта эътибор қаратилиши эса ўтган уч йиллик вақт давомида ўз натижасини беряпти. Ўтган йили IT-парк резидентлари 5 триллион сўмлик хизматлар кўрсатган, 140 миллион долларлик хизматларни экспорт қилган.

Айни кунга қадар мавжуд 715 та давлат хизматидан 370 таси рақамли платформага ўтказилган бўлиб, улардан ўтган йили 12 миллион аҳоли фойдаланган. Рақамлаштириш натижасида 70 дан ортиқ турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳолидан талаб қилиш бекор қилинди. Натижада, минглаб фуқароларимиз бу хизматлардан фойдаланиш жараёнида ортиқча вақт сарфлаш ва бюрократик тўсиқлардан халос бўлмоқда.

Аммо, бугун мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ҳамда дунё миқёсида АКТ соҳаси ва кадрларига бўлган талабнинг ортиб бориши соҳа ва ҳудудларда қилиниши лозим бўлган ишлар кўп эканлигини кўрсатмоқда. Шу боисдан, мазкур ҳафтада давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ахборот технологиялари соҳасидаги вазифалар муҳокама қилиниб, галдаги режалар белгилаб олинди.

Хусусан, йиғилиш аввалида вазирликларнинг мавжуд 5 мингта функциясидан фақат 30 фоизи рақамлаштирилгани, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган ички ишлар, адлия, стандарт, соғлиқни сақлаш соҳаларида ўнлаб хизматлар электрон шаклга ўтказилмагани танқид қилинди.

Ахборот технологиялари соҳасида маҳсулотнинг ҳам, экспортнинг ҳам асосий қисми Тошкент шаҳрига тўғри келаётгани ва ҳудудларда бу борада белгиланган вазифаларни амалга ошириш ишлари кечикаётгани танқидий таҳлил қилинди. Шунингдек, мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасидаги хизматлар экспортини келгусида 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилгани, бунинг учун камида 100 минг нафар малакали дастурчи, IT-архитектор, оператор ва муҳандислар керак бўлиши таъкидланди.

Шу боисдан, ҳудудларда юқори тезликдаги интернет тармоғини кенгайтириш, хорижий IT-компаниялар кўпайиши учун янада қулай муҳит яратиш, аҳоли ва тадбиркорлар учун энг зарур бўлган янги электрон хизматларни ишга туширишга алоҳида аҳамият қаратилиши белгиланди.

Жумладан, Тошкент шаҳрида синовдан ўтган Рақамли геопортал, Рақамли уй-жой коммунал, Халқ назорати каби тизимлар ҳудудларда ҳам жорий қилинади. Буни назорат қилиш ва амалга ошириш эса Рақамли технологиялар вазирлигига юклатилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, соҳани ривожлантиришда етарли даражадаги инфратузилма ва шароитни яратиб бериш билан бир қаторда соҳага қизиқувчан ёшларни рағбатлантириб бориш ҳам муҳим саналади. Шу боисдан жорий йил 1 апрелдан “Электрон ҳукумат”, “Бизнес учун дастур”, таълим йўналишлари бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган Республика танлови ўтказилади. Шунингдек, ҳудудларда ёшлар яратган 50 та энг яхши дастур Рақамлаштириш жамғармалари ҳисобидан сотиб олинади.

Умуман олганда, йиғилишда белгилаб олинган чора-тадбирларнинг соҳа ва ҳаётимизга татбиқ этилиши барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга қаратилган “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини ўз вақтида амалга ошириш имконини беради.

Музафара Абдиева,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  

ЎзА