Шу кунларда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Ҳар бир йўналиш бўйича кўплаб таклифлар билдирилмоқда.

7 йўналиш, 100 та мақсад, 309 банддан иборат Давлат дастури лойиҳаси «Тараққиёт стратегияси» марказининг 2023.strategy.uz ҳамда davlatdasturi.uz, шунингдек, Ҳукуматнинг regulation.gov.uz порталларига муҳокама учун жойлаштирилган. Фуқаролар мазкур порталлар, қолаверса, ижтимоий тармоқлардаги @dscuzbekistan ва @YangiTaraqqiyotStrategiyasi телеграм каналлари орқали ўз таклифларини, муносабатларини билдирмоқда.

Биргина «Тараққиёт стратегияси» марказининг 2023.strategy.uz портали ҳамда телеграм каналлари орқали билдирилаётган таклифлар сони 6 мингдан ошди.

– Марказимизнинг 2023.strategy.uz порталига муҳокама учун жойлаштирилган 2023 йилги Давлат дастури лойиҳаси юзасидан жуда кўплаб таклифлар келиб тушмоқда, – дейди «Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи Фурқат Юнусов. – Хусусан, жорий йил 20 февраль ҳолатига махсус веб-сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали билдирилган таклифлар сони 6 минг 25 тани ташкил этди.

Бу борада йўналишлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, биринчи «Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш» йўналишидаги мақсад-вазифалар юзасидан 2 минг 36 та таклиф келиб тушган. Иккинчи «Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш» йўналишида 275 та таклиф, учинчи «Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш» йўналишида 549 та, тўртинчи «Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш» йўналишида 2 минг 12 та, бешинчи «Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш» йўналишида 382 та, олтинчи «Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш» йўналишида 555, еттинчи «Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш» йўналишида 21 та таклиф билдирилган. Давлат дастури лойиҳаси бўйича билдирилаётган таклифлар марказ экспертлари томонидан таҳлил этилмоқда.

Дарҳақиқат, Давлат дастури лойиҳасининг ҳар бир йўналиши бўйича муҳим таклифлар, фикр-мулоҳазалар тақдим этилаётгани фуқароларнинг мамлакатимизда кечаётган сиёсий-ижтимоий, иқтисодий жараёнларга бефарқ эмаслиги англатади. Ушбу таклифлар Давлат дастурини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Муҳтарама Комилова, ЎзА