Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида иқтидорли талабаларнинг “Энг яхши инновацион ишланма” танлови бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 майдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, талаба-ёшларнинг инновацион ижодий қобилиятини юзага чиқариш, интеллектуал даражасини юксалтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, изланувчанлик маҳоратини орттириш мақсадида ташкил этилган танловда 11 нафар талаба иштирок этди.
Танлов ҳайъати томонидан ҳар бир қатнашчининг илмий ёндашувларга асосланган инновацион ғоя, ишланма ва лойиҳалари тақдимоти тингланиб, атрофлича ўрганиб чиқилди.
Профессор-ўқитувчилардан иборат ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, кимё-технология факултети 2-босқич магистранти Темур Оспанов “ЕХЦЛУСИВЕ” инновацион электр пайабзал” лойиҳаси биринчи ўринга муносиб деб топилган бўлса, физика факультети 4- босқич талабаси Алпамис Елмуратов “Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида насос қурилмасини ишлаб чиқиш” ҳамда география ва табиий ресурслар факультети 4-босқич талабаси Исломжон Тўрежанов “Travel in Karakalpakstan” мобил дастур” лойиҳалари билан иккинчи, география ва табиий ресурслар факультети 4-босқич талабаси Сарсенбай Коптлеўов “Ҳисобчи+” мултимедия мобил ўйин” ҳамда қурилиш факультети 3-босқич талабаси Баўиржон Женисов “Чанг тозалаш ускунаси” лойиҳалари билан учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар университетнинг Инновацион жамғармаси томонидан пул мукофоти билан тақдирланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган республика босқичига йўлланма олди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА