Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги “Янги Ўзбекистон” университетига 2023/2024 ўқув йили учун истеъдодли ёшларни саралаб олиш ҳамда ёшларга янада кенгроқ имкониятлар яратиб бериш мақсадида университетга ўқишга ҳужжатлар қабули жорий йилнинг январь ойидан бошланиб, август ойига қадар давом этиши белгилаб қўйилди.
Бунда абитуриентлар ўз хоҳишига кўра кириш имтиҳонини февраль, май ёки август ойларида топширишлари мумкинлиги белгиланди. Бугун, 25 февраль куни университетга 2023/2024 ўқув йили учун биринчи қабул имтиҳони ўтказилмоқда.
Имтиҳон саволлари Cambridge Assesment International Education ҳамда таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи хорижий ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликда инглиз тилида ташкил этилган.
Ҳар бир фан бўйича кириш имтиҳони тест шаклида бўлиб, 20 та топшириқдан иборатдир. Абитуриентларга ҳар бир тўғри жавоб учун 5 баллдан берилади. Бунда бир фан кесимида энг кўпи билан 100 балл тўпланиши мумкин. Ҳар бир фан бўйича белгиланган вазифаларни бажариш учун 70 дақиқа вақт ажратилади.
Айтиш керакки, имтиҳон саволлари Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган умумий ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида жорий этилган ўқув дастурлари асосида осон, ўрта ва қийин тусдаги саволлар туркуми бўйича шакллантирилган.
Саралаш имтиҳонлари видеокузатув ва бошқа техник воситаларни қўллаган ҳолда ота-оналар ҳамда жамоатчиликка онлайн тарзда ҳам намойиш этиб борилиши таъминланган.
Ҳозирда абитуриентлар ўзлари танлаган таълим йўналишига кўра математика ва мантиқий фикрлаш, кимё ва физика фанларидан имтиҳон топширмоқдалар. Шунингдек, университетга ўқишга қабул қилиниш учун инглиз тилидан ҳам халқаро тил билиш сертификатга эга бўлиш талаб этилади. Бунинг сабаби эса университетда дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади.
Маълумот учун айтиш керакки, университет қабул низомига кўра ўқишга ҳужжат топширган талабгорлар халқаро фан сертификатига эга бўлган тақдирда сертификат балига кўра тегишли фандан максимал миқдоргача балл берилиши ва талабгорнинг хоҳишига кўра имтиҳонлардан озод этилиши мумкин. Бу турдаги сертификатларга SAT, IB, GCSE, IGCSE, GCE O-Level, GCE A-Level va AS-Level дунёнинг кўплаб университетлари томонидан тан олинувчи халқаро сертификатлар киради.
Шунингдек, халқаро фан олимпиадаларида олтин, кумуш ва бронза медалига эга абитуриентларга ҳам тегишли фани бўйича максимал балл берилиб, имтиҳонлардан озод этилиши мумкин.
Н.Усмонова, ЎзА